Ўзбекистонда эскирган кўп квартирали уйларни бузиб, ўрнига янгиларини қуришга оид қонун имзоланиш арафасида турибди. 80 фоиз мулкдорнинг розилиги ҳақидаги модда – бу қонуннинг энг муҳокамали жиҳатларидан бири. Kun.uz ташкил этган суҳбатда Адлия вазирлигининг аниқлик киритишича, 80 фоизлик норма бошқа масалага оид; бузиш бошланишидан олдин 100 фоиз мулкдор билан келишилиши шарт.
Куни кеча Урбанизация қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев реновация жараёнлари ҳақида гапираркан, бунинг учун 80 фоиз мулкдорларнинг розилиги етарли бўлишини айтиб ўтди. Бу рақам Сенат маъқулловидан ўтган “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунда ҳам кўрсатилган.
Айни мавзу юзасидан Kun.uz ташкил қилинган суҳбатда Адлия вазирлиги вакили бу масалага қўшимча аниқлик киритди. Вазирликнинг Иқтисодий қонунчилик бошқармаси бошлиғи Хидирали Содиқовнинг айтишича, 80 фоиз розилик – бу фақат реновация таклифи кейинги босқичга ўтиши учун керак. Реновацияни амалга оширишда эса 100 фоиз мулк эгаларининг розилиги олиниши белгиланган.
“Бу ерда тушунмовчилик бўлди, яъни 80% бу фақатгина таклиф ўтиши учун керак, розилик эса 100% олинади. Бирор одам уйи бузилаётганидан норози бўлса, бузиб юборилмайди-ку. Ҳужжат Сенатда ўзгариб қолдими, деган фикрлар ҳам бўляпти, ахир бу имконсиз. Сенат қонун лойиҳасини ўзгартиролмайди, ё қабул қилади ёки қайтаради”, дейди у.
Ҳидирали Содиқов реновация қонунида белгиланган 80 фоизлик чегара – қолган 20 фоиз мулкдорларнинг мулк ҳуқуқига зидлиги ҳақида гапираркан, ушбу нормани Конституциянинг 21-моддаси билан асослади. Бу моддага кўра, инсон ўз ҳуқуқларини (бу ўринда, мулк ҳуқуқини) амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт.
“Айталик, сиз авария ҳолатида деб топилган кўп қаватли уйда турасиз. Сиз “йўқ, мен шу уйда яшайман, бу менинг мулким” деганингиз билан, бўлмайди. Эртага бирор нарса бўлса, қўшни хонадондаги уйларга ҳам зарар етади. Яъни сиз ўз мулк ҳуқуқингиздан фойдаланишингиз – бошқаларнинг ҳуқуқларига путур етказмаслиги керак”, – дея тушунтирди адлия расмийси.
Суҳбатда қатнашган Урбанизация қўмитаси вакилларига кўра, реновацияга тушган хонадонлар мулкдорларига компенсация бозор баҳоси асосида тўланади.














