Бугун, 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан брифинг ўтказилди. Унда қатнашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тақиқланган болалар меҳнати, амалдорлар босими ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«Халқаро ташкилотлар, турли инсон ҳуқуқи ҳимоячилари томонидан болалар меҳнати борасида статистикалар келтирилган. Мен уларнинг маълумотларини келтира оламан. Унга кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 3 миллионга яқин болалар пахтага олиб чиқилар эди. Лекин мен ушбу маълумотларга доимо ишонмаганман. Оддий арифметика бўйича ҳисобласангиз ҳам бу маълум. Оддий арифметика билан ҳисобласангиз қаердадир 5-синфдан, қаердадир 7-синфдан олинган. Шунинг ортидан 60дан ортиқ компаниялар бизга бойкот эълон қилганди. Ўйлайманки, бу ишлар сиёсий тазйиққа айлантирилган. Иқтисодий тарафдан бу АҚШ Осиё бозорида Ўзбекистонга бой берганидан деб ўйлайман.

Қонунчиликдаги янгилик сифатида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди. Ҳукумат томонидан қонунчилик палатасига келди ва ҳозир менинг қўмитамга келиб тушди. Ҳозир мен буни биринчи ўқишга тайёрлаяпман. Бу масалада барча ечимлар шу қонунда берилади. Болаларнинг масжидга бориш масаласида савол берилди. Болаларнинг асосий вазифаси бу ўқиш. Ўқишдан ташқарида ота-онаси билан масжидга боришида ҳеч қандай тазйиқ йўқ. Либос масаласига келсак, мактаб бизда дунёвий. Агар мактаб диний бўлса, мадрасами ёки Хадичаи Куброми, марҳамат ўша мактаб қоидалари бўйича кийинаверинг. Лекин дунёвий давлатда дунёвий талабларга амал қилишингиз керак. Диний либос масаласида дунёда бирор жойда аниқ тушунча йўқ. Ҳайит намозлари, ҳатто жума намозларидан олиб чиқилган ҳолатларни ҳам кўрсатди дейишяпти. Бу нотўғри. Бу нима деган гап?» дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Марказ директори ҳозирги кундаги «снос»ларга ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Мен ҳам бу масала бўйича ўз талабларимни билдирдим. Ҳокимлар фуқароларни қабул қилиши шарт дедим. Бунга ҳоким жаноблари қачон амал қилади? Хўжаевнинг уйи бузиб юборилганда Ортиқхўжаев жаноблари билан ким учрашув ташкил қилди? Ортиқхўжаев менга мурожаат қилиб, роса кесатди-ку: «Жаноб Саидов менга хат ёзди», деб.