Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида тадбиркорнинг мулки суднинг ҳал қилув қарори кучга кирмасдан ичидаги техникалари билан бирга бузиб ташланди. Ҳаммаси эскича усулда: туман ҳокими, прокурори ва бошқа масъуллар манзилга боришган, автогрейдерни бинога тираб қўйишган. Ҳоким ҳайдовчига “Бос! Тозала!” дея топшириқ берган. Фуқаронинг бинодаги техникаларини олиб чиқиш учун 2 соат вақт сўраб қилган илтижоси ҳавода қолган. Ўз мулкини ҳимоя қилишга уринган тадбиркор ҳуқуқбузарга чиқарилиб, 10 суткага қамаб қўйилган.

Давлат раҳбари 2 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошида кўтаришини айтаётган бир пайтда жойлардаги айрим раҳбарлар тадбиркорни “синдириш”, мулкига зарар етказишда давом этмоқда. Мақоламиз Пайариқ тумани ҳокими Исроил Жабборов, туман прокурори Файзулла Эгамқулов ва ИИБ бошлиғи ўринбосарининг ана шундай ҳаракатлари ҳақида. Улар тадбиркорнинг мулкини босим ўтказиш орқали суднинг ҳал қилув қарори ҳали кучга кирмай туриб ноқонуний тарзда буздириб ташлашган.

Пайариқ тумани Чоштепа маҳалласида яшовчи Ислом Қобилов 2022 йил 12 май куни нотариус томонидан расмийлаштирилган олди-сотди шартномасига асосан қўшнисидан уй-жой сотиб олган. Турар жой олди-сотди шартномасида ер участкасининг фойдаланиш майдони 1500 кв.м экани кўрсатилган. Ўша вақтдаги кадастр ҳужжатида ҳам давлат рўйхатидан ўтказилган ер майдони 1500 кв.м сифатида қайд этилган.

Олди-сотди шартномасига асосан 2022 йил 20 майда якка тартибда турар жойнинг кадастр паспорти шакллантирилган. 2022 йил 17 июнда Ислом Қобилов номида фойдаланишда бўлган 780 кв.м ер майдони мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан, 168,84 кв.м қурилиш ости майдони, 275,72 кв.м умумий фойдаланишдаги майдон мулк ҳуқуқи билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Мулк отиб олингандаги кадастр ҳужжатида давлат рўйхатидан ўтказилган деб кўрсатилган 1500 кв.м ер майдони негадир кейин 780 кв.м.га камайиб қолган.

Судга кўчган масала

Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси Пайариқ тумани ҳокимлигининг манфаатида Ислом Қобиловга нисбатан ўзбошимчалик билан эгалланган 0,04 гектар ер майдонида, шундан 200 кв.м қисмига қурилган қурилишларни буздириш, ер майдонини қайтариш ва ердан мажбурий тартибда чиқариш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Иш ФИБ Пайариқ туман суди томонидан судя Нурбек Хўжақулов раислигида кўриб чиқилган.