Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир...

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида:

«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Можа ва ал-Ҳокимлар ривоят қилган ҳадисда эса: «Ким имконга эга бўлиб туриб, қурбонлик қилмаган бўлса, зинҳор намозгоҳимизга яқинлашмасин», дейилган. Бошқалар қурбонлик қилишни «суннати муаккада» деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромларга Ислом таълимотларидан тушунтириш олиб борувчи суҳбатларидан бирида Қурбон байрами, унинг мусулмон уммати ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни айтдилар: «Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир», дедилар».

Демак, Қурбонлик кунини байрам қилишни Аллоҳ таоло амр қилган экан. Одамлар ўзларича маслаҳат қилишиб қарор қилмаган эканлар. Ҳаттоки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг фикрлари ёки қарорлари ҳам эмас, балки, Аллоҳ таолонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган амри экан. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз», дедилар». Термизий ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини қурбонлик қилишга тарғиб қилмоқдалар.

«Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас».

«Сўйиш куни» арабчада «Явмун Наҳри»—наҳр куни деб айтилади. «Наҳр» туя сўйишга ишлатиладиган сўз эканини олдин ўрганганмиз. Арабларда қурбонликка одатда кўпроқ туя сўйилгани учун ушбу истилоҳ ишлатиладиган бўлиб қолган.

Демак, қурбон ҳайитининг биринчи куни Аллоҳ таоло учун энг маҳбуб иш-қурбонлик сўйиш экан. Бу куни қурбонликка сўйилган ҳайвонлар эса, шундоққина сўйилиб кетавермас, балки, «Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар».