Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборотига кўра, юртимизда 2026 йилда муборак Қурбон ҳайити 27 май санасига тўғри келмоқда.
Номидан ҳам кўриниб турибдики, ушбу улуғ айёмда мусулмонлар қурбонлик қилиши билан ажралиб туради. Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотларига таяниб, қурбонлик, унинг ҳукмлари ва одобларига доир маълумотларни тақдим қилмоқда.
Қурбонлик қандай амал?
Қурбонлик луғатда «яқинлашмоқ», «яқин бўлмоқ» маъноларини билдириб, истилоҳда бу сўз Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида жонлиқ сўйишни англатади.
Қурбонлик Ислом динининг вожиб бўлган улуғ амалларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Кавсар сураси 2-оятида шундай марҳамат қилади: «Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг».
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қиларди ва бошқаларни ҳам қурбонлик қилишга тарғиб этарди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин», деган.
Қурбонликнинг тарихи
Қурбонлик ҳижрий иккинчи йил вожиб бўлган. Аммо унинг тарихи анча узоқларга – Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга қолган амаллардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир», деган.
Қурбонликдан мақсад нима?
Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас. Ҳаж сурасининг 37-оятида шундай дейилади:
















