18:54 / 16.08.2019
40295

Ўзбекистонда телевизион сигнални DVB-T стандартида эфирга узатиш тўхтатилди

Фото: Shutterstock

15 августдан бошлаб Ўзбекистонда рақамли телевидение дастурларини DVB-T стандартида эфирга узатиш тўхтатилди. Аввалроқ бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги огоҳлантирган эди.

Ўзбекистонда рақамли телевидениега ўтишнинг илк даври - 2008 йилдан бошлаб DVB-T стандарти қўлланилган эди. Йиллар давомида телевидение ривожланиб, рақамли телевидениенинг DVB-T стандарти такомиллаштирилиб, DVB-T2 стандарти яратилиши билан мамлакатимизда ҳам ушбу стандартдаги телеузатгичлар ўрнатила бошлади.

2017 йилдан бугунги кунга қадар республикамизда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК) теледастурлари («Ўзбекистон», «Ёшлар», «Тошкент», «Спорт», «Наво», «Дунё бўйлаб», «Маданият ва маърифат», «Болажон», «Кинотеатр», «Оилавий», «Маҳалла», «Ўзбекистон 24») 2 та стандартда, яъни ҳам DVB-T ва ҳам DVB-T2 стандартларида параллель равишда узатиб келинаётган эди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, ортиқча ресурс ва сарф-харажатларнинг олдини олиш мақсадида, бундан буён теледастурларнинг барчаси DVB-T2 стандартида узатилади. 

2019 йил 15 августидан бошлаб МТРК теледастурларини рақамли телевидениенинг фақат DVB-T2 стандартида кўриш мумкин бўлади.

Қайд қилиш жоизки, DVB-T стандартидаги рақамли сигналларни қабул қилишга мослаштирилган телевизор ва тюнер қурилмалари DVB-T2 сигналини қабул қила олмайди. Шу сабабли, DVB-T стандартида узатилаётган рақамли теледастурларни кўриб келаётган ўзбекистонликлар энди DVB-T2 стандартини қўлловчи қурилмаларни (тюнер ёки замонавий русумдаги телевизор) ўрнатишлари лозим бўлади. 

Эски авлод телевизорлари ёки DVB-T стандартидаги сигналларни қабул қилишга мослаштирилган телевизордан фойдаланувчилар DVB-T2 стандартидаги рақамли тюнер қурилмасини улаган ҳолда теледастурларни кўришлари мумкин.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги янги телевизор харид қилаётганда, унда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнер борлигига эътибор қаратишни тавсия қилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилаётган аксарият замонавий телевизорларда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнерлар мавжуд.

Мавзуга оид
Top