Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Улардан бири — оммавий ахборот воситаларининг, айниқса, электрон оммавий ахборот воситаларининг «тўртинчи ҳокимият» сифатидаги мавқейи тўлақонли намоён бўлаётганидир.

Бу айниқса «снос»лар, яъни мулкдорнинг кўчмас мол-мулкларини ҳокимликларнинг қарори билан бузилиши масаласида яққол кўринди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан ушбу масала бўйича тегишли тартиблар ва қоидалар тасдиқланди, бироқ, бу муаммо охирги ечимини топган эмас. Президентнинг 2019 йил 13 августдаги «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларининг ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисидаги» фармонида бу ҳолат яққол ўз ифодасини топди.

Фармоннинг 2-бандида Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда ушбу фармон қоидаларини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларига, шу жумладан, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги» Ўзбекистон Республикаси Қонунига мулкдорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги, ўзига тегишли бўлган мол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, мулкдорларга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер майдонининг бозор қийматида тўлиқ қопланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.

Шу муносабат билан «снос»лар муаммосининг узил-кесил ечимини яратиш — кун тартибидаги энг долзарб масала.

«Снос»лар масаласини ҳал қилишнинг амалдаги тартиби бўйича охирги нуқтани туман шаҳар ҳокимликлари қўя олмайди, бу масала мамлакат миқёсида қўриб чиқилади ва ҳал этилади. Бунда агар «снос» бўлиши лозим деб топилса, унга бериладиган товон пули масаласи ҳал этилади. Бироқ унинг ҳам заиф нуқталари бор: республиканинг турли ҳудудларидаги мулкдорлар билан уларнинг мол-мулкини бузиш ҳақида қарорлар қабул қилувчи идоралар ўртасида узоқ масофа мавжудлиги сабабли бевосита мулоқот имкониятлари қийинлашади.

Шу сабабли ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг «снос» масаласи ҳуқуқий майдонда ҳал этилиши лозим ва бунда охирги нуқтани суд қўйиши керак, деган фикр-мулоҳазасини жўяли, деб айтиш мумкин.

Умуман, «снос»лар масаласи халқ билан маҳаллий ҳокимликлар ўртасидаги энг кескин масалалардан бири бўлиб келган. Бу ўринда бир нарсани эслатиб ўтмоқчимиз: турли жойларда турли ҳокимликлар томонидан ҳар тўрт-беш йилда бозорларни реконструкция қилиш катта жанжаллар билан амалга оширилгани, бу тизимли ҳолатга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Эҳтимол, бунда баъзи ҳолатларда реконструкция ўринли бўлгандир, лекин баъзи «ноинсоф» раҳбарлар ундан бошқа мақсадларда фойдаланганини энди англаб етмоқдамиз. «Снос»лар ҳуқуқий майдонда ҳал этилмас экан, бу ўзига хос коррупциявий восита бўлиб қолаверади.