Ўзбекистон | 18:00 / 25.08.2019
6901
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши бошланди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Қуйи Чотқол ГЭС пойдеворига биринчи ғишт қўйилди.

Иншоот 60 ой давомида, яъни 2019—2023 йилларда қурилиб, эксплуатацияга топширилиши режалаштирилган. Ҳисоб-китобларга қараганда, янги ГЭС 100 мингга яқин уй хўжалигини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.

ГЭСда ҳар бири 19 МВт бўлган 4та гидроагрегат ўрнатиш мўлжалланган. Иншоотнинг ўрнатилган қуввати 76 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 282 миллион киловатт-соатга тенг. Унинг асосий асбоб-ускуналари норматив муддатларга кўра 40 йилгача хизмат қилиши мумкин, амалда эса улар 80 йилгача ҳам ишлайди.

Шунингдек, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 91,28 миллион кубометргача табиий газни иқтисод қилиш имкониятини беради. Иншоот гидрологик режимга таъсир қилмайди, гидробиологик объектларга зарар етмайди ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайди.

Ушбу ГЭС қурилиши ва ишга туширилишига сарфланган харажатлар инвестицион даврни ҳисобга олмаганда, 6 йил 2 ойда қопланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид