“Аҳолининг тоғли ҳудудларда мазмунли ҳордиқ чиқариши ва туристлар учун янада қулай шароит яратиш мақсадида Бўстонлиқ туманидаги туризм масканларига қўшимча транспорт қатновлари йўлга қўйилмоқда”, деб хабар берди Туризм қўмитаси.

Хабарга кўра, Бўстонлиқдаги туристик масканларга олиб борувчи 324М ва 325М-сонли “Чиноркент темир йўл бекати – Белдерсой” микроавтобус йўналишлари Амирсой ва Чимён орқали ҳаракатланади.

Одатий кунларда ушбу йўналишларда 20 та микроавтобус соат 6:00 дан 18:30 гача ҳар 15 дақиқада қатнайди. Жами 86 та қатнов амалга оширилади.

Байрам ва қўшимча дам олиш кунларида қатновлар соат 5:30 дан бошланади ва ҳар 10 дақиқада амалга оширилади. 324М йўналишда қатновлар 22:06 гача, 325М йўналишда эса 22:00 гача давом этади. Ҳаракат таркиби мос равишда 15 ва 16 тагача оширилади. Натижада қатновлар сони 158 тага етказилади.

Тошкент–Бўстонлиқ йўналишида 1226-сонли “Машинасозлар метро бекати – Хумсон қўрғони (Чорвоқ)” автобус йўналишида 3 та автобус мунтазам қатнайди. Дам олиш ва байрам кунлари талабга қараб яна 1 дона автобус захирага чиқарилади.