09:29 / 29.08.2019
0
11269

Тошкентда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармойиши ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг жорий йил 21 августдаги 1143-сонли қарори қабул қилиниб, Тошкент шаҳрида ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ташкил этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 21-25 август кунлари А.Қодирий ижод мактабида ўқиш истагида бўлган ўқувчилардан 2019-2020 ўқув йили учун ҳужжатлар қабул қилинди. Мазкур ўқув йилида ижод мактабининг 5-8 синфларига жами 120 нафар ўқувчини қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, 488 нафар ўқувчилардан ҳужжатлар келиб тушди (бир ўринга ўртача 4,1 нафар).

Жорий йилнинг 28 август санасидан бошлаб, Олмазор туманидаги 224-сонли мактабда А.Қодирий номидаги ижод мактабининг ижодий танловлари бошланди. Ижодий танловларни шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан зарур чора-тадбирлар белгиланди. Ижодий танлов ўтказиш жараёнида ўқувчилар ва ота-оналарга барча шароитлар яратилган. Жумладан, ота-оналарга танлов жараёнларини “onlayn” кузатиб бориш имконияти яратилган.

Ўрнатилган тартибга кўра, ижодий имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган иқтидорли ўқувчилар 30 август куни ўтказиладиган тест синовларида иштирок этади.

Маълумот учун, ижод мактаби пойтахтнинг Олмазор тумани ҳудудида жойлашган А.Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида барпо этилаётган янги ўқув биносида жойлашади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top