BMW сунъий интеллект, бошқарув лавозимларини қисқартириш ва иккита янги моделни ишлаб чиқариш атрофида қурилган қайта ташкил этиш режасини тақдим этди, деб хабар берди Reuters компанияга таяниб.
Агентлик таъкидлаганидек, Европа автомобил саноати заиф талаб, Хитой ишлаб чиқарувчилари томонидан рақобат ва Америка божлари босими остида қолмоқда. Июн ойида BMW Хитойдаги заиф кўрсаткичлар туфайли фойданинг пасайиши ҳақида уч йилдан ортиқ вақт ичида учинчи огоҳлантиришни эълон қилди, бу эса ўзининг барқарорлиги билан танилган компания обрўсига путур етказди, деб ёзди Reuters.
Шу фонда BMW Германияда 8 мингга яқин иш ўрнига таъсир қилиши кутилаётган қисқартириш дастурини ишга туширди. Шу тариқа компания харажатларни қисқартираётган Volkswagen ва Mercedes-Benz сафига қўшилди. 2027 йил ўрталарига қадар BMW бўлинмалар ва улар билан боғлиқ бошқарув лавозимлари сонини бешдан бир қисмга камайтиришни режалаштирмоқда. Сунъий интеллект жараёнларни мақбуллаштириш ва қарор қабул қилишни тезлаштиришда асосий воситага айланади.
Бундан ташқари, BMW маҳсулот стратегиясини асосий бозорларнинг турли тенденцияларига мослаштиради:
Европа — 2028 йилдан бошлаб бошланғич даражадаги ҳамёнбоп электромобилни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган;
АҚШ — бадавлат харидорлар учун янги люкс йўлтанламас ишлаб чиқиш;
Хитой — ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни давом эттириш ва маҳаллий ҳамкорлар билан, шу жумладан автоном ҳайдаш технологиялари ва интеграциялашган дастурий таъминот масалаларида фаолроқ ҳамкорлик қилиш.
Шунингдек, Хитойдан Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига автомобил экспорт қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.








