Болага нисбатан жинсий жиноятлар учун умрбод қамоқ жазоси Сенатда маъқулланди

Олий Мажлис Сенатининг 2 октябр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида болани зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Қонун билан 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондирганлик учун узоқ муддатли 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда. Шунингдек, болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши содир этилган ўта оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддатлари ўтиб кетгани қўлланмайди. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод этиш бутунлай тақиқланмоқда.

Қонун кучга кириши учун президент томонидан имзоланиши керак.

Ўқиш пайтида маош, дипломдан кейин иш: олий таълимда янги тизим

2027-2028 ўқув йилидан олий таълим муассасаларида корхоналар буюртмаси асосида, битирувчини ишга қабул қилиш шарти билан дуал таълим тизими жорий этилади. Корхона талабага ўқиш даврида ойлик тўлайди, талаба эса битиргандан кейин шу корхонада камида икки йил ишлаб бериши керак бўлади. Бу тартиб президент фармонида белгиланди.

Ҳужжатга кўра, юқори малакали кадрларни тайёрлашда «корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр» тамойили жорий этилади. Кадрлар иш берувчи корхоналарнинг буюртмалари асосида тайёрланади.

Дуал таълим шакли бўйича қабул қилинадиган бакалавриат йўналишлари ва қабул параметрларини олий таълим муассасасининг ўзи белгилайди. Бунда улар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишиб олиши керак. Қабул иш берувчи корхонанинг буюртмасига мувофиқ, тўлов-контракт асосида ҳар йили 1 октябрга қадар амалга оширилади.

Ижтимоий ҳимоя реестридаги оилага кўмир учун 600 минг сўмгача компенсация берилади

2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолига маҳаллий кўмир етказиб беришнинг янги тартиби жорий этилмоқда, деб хабар берди «Ўзбеккўмир» АЖ.

Янги механизмга кўра, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилага харид қилинган ҳар бир тонна кўмир учун 300 минг сўмдан, бир календар йилда жами 600 минг сўмгача компенсация берилади.

Шунингдек, аҳолига маҳаллий кўмир етказиб бериш жараёнига хусусий тадбиркорлар ҳам жалб қилинади.

Аҳоли эҳтиёжлари учун 2026 йилда 1,53 млн тонна маҳаллий кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Ҳозир кўмирни ҳудудлар кесимида тақсимлаш ва биржа савдоларига чиқариш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.

Иш жойида шаҳвоний шилқимликка қарши қонун Сенатда маъқулланди

Меҳнат кодексини меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўймасликка оид янги норма билан тўлдириш кўзда тутилган қонун Сенатда маъқулланди.

2 октябр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда кўриб чиқилган қонун билан Меҳнат кодексига «терисининг ранги» ҳамда «сиёсий қарашлари» каби белгилар меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш сифатида баҳоланадиган ҳолатлар ҳисобланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда. Шунингдек, Меҳнат кодекси 8-1-модда билан тўлдирилиб, меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўйилмаслик назарда тутилмоқда.

Янги нормага кўра, шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган, шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, ташқи қиёфаси ва қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда ёки чақиришда ифодаланган шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатлар шаҳвоний шилқимлик сифатида баҳоланади. Иш берувчи меҳнат жамоасида шаҳвоний шилқимликдан холи муҳитни яратиш учун барча зарур чораларни кўриши шартлиги белгиланмоқда.

Талабага маош тўлаган корхона харажатининг ярмини қайтариб олади

Дуал таълимда кадрлар тайёрлашга оид фармонда корхоналарнинг ушбу жараёнда фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Унга кўра, корхоналарнинг ҳар бир талабага тўлаган иш ҳақи харажатларининг ярми ўқув йили якунида субсидия шаклида қоплаб берилади.

Мазкур тартиб қуйидаги таълим соҳаларида дуал шаклда таҳсил олаётган талабалар учун амал қилади: муҳандислик иши; ишлаб чиқариш ва ишлов бериш; архитектура ва қурилиш; қишлоқ хўжалиги.

Субсидия талабага берилмайди. У корхонанинг талабага иш ҳақи тўлаш учун қилган харажатларининг 50 фоизини қоплашга йўналтирилади.