Жамият | 18:13 / 30.08.2019
6704
2 дақиқада ўқилади

Хореография олий мактаби янги ўқув йилини замонавий бинода бошлайди

Президент Шавкат Мирзиёев 30 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Давлат раҳбари дастлаб Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби биносини бориб кўрди.  

«Мазкур даргоҳ ихтисослашган мактаб-интернат, хореография коллежи, бакалавриат ва магистратура йўналишларини қамраб олган бўлиб, хореография бўйича узлуксиз сабоқ беради. Лекин муассаса узоқ йиллар эски бинода фаолият юритиб келди.

Президентимизнинг 2017 йил 3 август куни ижодкорлар билан учрашувидаги ташаббуслари маданият ва санъат соҳаларининг янада ривожланиши учун замин яратди. Хусусан, Олий мактаб учун алоҳида корпус ажратилиб, замонавий таъмирланди. 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, 400 талабага мўлжалланган янги ўқув ва машғулот хоналари, 300 ўринли талабалар турар жойида барча шароит яратилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев бу ердаги шароит, муҳит ва ютуқларни мамлакатимизнинг бошқа жойларида ҳам татбиқ этиш, ҳудудий мактаблар ташкил этиб, уларни Олий мактабга бириктириш, устоз-шогирд анъанасини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари билим юртининг ўқитувчи ва мураббийлари билан суҳбатлашди. Миллий санъатимизга эътибор, бу соҳада янги таълим масканлари қуриш ва устозлар меҳнатини рағбатлантириш ишларини изчил давом эттириш лозимлиги қайд этилди. «Баҳор» рақс ансамблининг қайта тикланиши соҳа вакилларига катта қувонч бағишлади. 

Олий мактаб ижодкорлари учун дам олиш маскани ташкил этиш ва автобус ажратиш бўйича топшириқ берилди.

Мавзуга оид