Ўзбекистонда болалар спортига эътибор анча йиллар олдин бошланган. Эришилган натижалар бу соҳага катта ресурс ва маблағ ажратилганини исботлаб турибди. «Аммо», дейдиган ҳолатлар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Масалан, спортчиларни халқаро ареналарига юбориш учун маблағ ҳар доим ҳам давлат бюджетидан ажратилмайди. Шахсий маблағлар ҳам қўшилиши ҳисобга олинадиган бўлса, масала жиддий ўрганишни талаб этади, чунки спортчиларнинг ота-оналари ҳисобидан мусобақаларга қатнашишини оддий ҳолат, деб қабул қилмаслик лозим. Йўқса, боланинг келажакка ишончини сўндириб қўйиш мумкин. Умуман олганда, халқаро спорт мусобақалари учун кетадиган сарф-харажатлар кимнинг ҳисобидан амалга оширилиши лозим?
«Спорт федерацияларига қанча маблағ ажратиш бўйича мониторинг олиб борилиши керак»
Азиз Жўрабоев (Ўзбекистон пенчак силат федерацияси раиси)
— Спорт федерацияларига маблағ ажратиш 2 хил бўлади: олимпиадага киритилган ва киритилмаган спорт турлари. Биринчисига кўпроқ эътибор ва моддий ёрдам берилади, чунки унинг натижадорлиги юқорироқ бўлади, деб баҳоланади. Иккинчи турдаги спорт турлари ҳам аста-секинлик билан ривожланяпти, ҳозирдан буларга ҳам етарлича аҳамият берилса, илғор ютуқларга эришиш мумкин. Ўтган йили спорт федерациямизга атиги 5 миллион сўм ажратилган. Бу пул билан қайси давлатга бориб келса бўлади? Бу йилда эса Осиё ўйинларида яхши натижа кўрсатганимиз учун вазирлик томонидан 25 миллион сўм ўтказилди. Унинг 10 миллиони Ўзбекистондаги мусобақага, қолгани чет элга бориш учун. Берилган сумма хорижга чиқиш уёқда турсин, Ўзбекистонда иккита мусобақа ўтказишимга етмайди. Ҳар йили анъанавий тарзда 3та мусобақа ўтказишим керак. Биттасига 15-20 млн сўм сарфлайман. Ҳаттоки ички харажатларни қоплаш имкони йўқ.
Қонунчиликда олимпиада спорт турларига кўпроқ эътибор берилиши керак, бошқаларига камроқ, деган банд мавжуд эмас. Демак, вазирлик томонидан қайси спорт турига қанча маблағ, қайси мезонларга кўра ажратилаётгани маълум қилиниши керак.
Таклифим шундан иборатки, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги йил бошида спорт федерацияларига олдиндан белгиланган тартибда маблағ тушириб бериши керак. Ундан кейин йил сўнгида берилган сумма қанақа мақсадларга сарфлангани бўйича федерациялардан ҳисобот олиниши лозим. Ҳозир вазият қанақа? Вазирликка мурожаат қилишимиз керак пул ўтказиш масаласида. Сўровимиз қондирилиши ёки аксинча бўлиши мумкин. Вазирлик таркибида битта мониторинг гуруҳи ташкил қилинса, ҳар битта спорт федерациялари фаолияти бўйича мониторинг олиб борилса, статистик таҳлиллар ўтказилса, ўйлайманки, спортдаги ҳақиқий вазият шундайлигича юзага чиққан бўларди. Яна бир фикрни айтмоқчиман: спорт федерацияларини сайёҳларни жалб қилувчи воситага ҳам айлантириш мумкин. Ҳеч қайси соҳа мамлакатни спортчалик тез танита олмайди. Шунинг учун федерациялар туристик оқимни кўпайтиришда платформа вазифасини ҳам бажара олиш имкони бор.















