Шу йилнинг 26 август куни «Ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун ундириладиган тўловлар миқдори ва шартлари тўғрисидаги низом»ни тасдиқлаш ҳақидаги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгач, бу хабар интернет нашрларида тарқалди ва ижтимоий тармоқларда шов-шув келтириб чиқарди.
Ветеринария паспорти тўғрисида аҳолида туғилган турли тушунмовчиликлар ҳамда янги тартибнинг қатор жиҳатларига аниқлик киритиш мақсадида Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Наргиза Омонбоевага бир қанча саволларимиз билан мурожаат қилдик.
— Ветеринария паспорти нима?
— Бу аксарият юртдошларимиз тасаввур қилаётганидек, ҳайвоннинг шахсини, пропискаси ва фуқаролик ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат эмас. Ветеринария паспорти –идентификация қилинган ҳайвонларга расмийлаштирилган, ҳайвон эгасини белгиловчи, ҳайвонларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва уларни даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат.
Аслида ҳайвонларга биркалаш, тамғалаш, жетонлаш ва чип ўрнатиш орқали индивидуал рақам бериш ва ветеринария паспорти расмийлаштириш тартиби икки йил олдин - 2017 йил 22 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорига асосан жорий қилинган. Унда сақланаётган (боқилаётган) ҳар бир бош ҳайвонга ветеринария паспорти расмийлаштирилиши алоҳида таъкидлаб ўтилган (қўй ва эчкиларга гуруҳ усулида ветеринария паспорти расмийлаштирилиши мумкин).
— Уй ҳайвонларига паспорт расмийлаштиришнинг қандай афзалликлари мавжуд?
— Идентификация қилинган ҳайвонларни ягона электрон маълумотлар базасига киритиш фақат қулайликлар туғдириб, бир қанча муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Аввало, ҳар бир уй ҳайвонини назоратга олиш, унинг саломатлигини назорат қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Бундан буёғига ҳар бир ҳайвон тури туғилганидан кейин белгиланган муддатда идентификация қилиниб, рўйхатга олинади, унинг қандай касалликларга чалингани, қачон эмлангани қайд этиб борилади. Келажакда савдо дўконларидан гўшт маҳсулотлари харид қилаётганда уларнинг «тарихи»дан ҳам бохабар бўламиз.
Шунингдек, чорва маҳсулотларини хорижга экспорт қилишда бирмунча қулайликлар яратилади. Айни пайтда ўнлаб халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тизимини яратиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга олиб чиқиш мақсадида грантлар ажратаётгани янада эътиборга молик.
Ҳайвонлар касалликларга қарши эмланганини тасдиқлаш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва рўйхатга олинган ҳайвонлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантиришда, ҳайвон эгасини белгилашда паспорт расмийлаштириш жуда ҳам муҳим. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида жониворларга оид бўлган турли касалликлар келиб чиқиши, ҳар бир ҳайвоннинг электрон қайтарилмас рақамга эга бўлиши ва шу асосида уни эгасига расмийлаштириш орқали ҳайвонлар ўғирланишининг олдини олишга эришиш мумкин.














