Жаҳон | 07:15 / 23.03.2026
4561
3 дақиқада ўқилади

Тасманиядаги оролда фотоқопқонлар ноёб ҳайвонларни илк бор тасвирга олди

Тасмания соҳиллари яқинидаги оролда автоматик камералардан фойдаланилган ноёб тадқиқот кам учрайдиган ва яширин ҳаёт кечирадиган ҳайвон турларини қайд этиш имконини берди. Натижада одамлар жуда камдан кам кўрадиган жониворлар тасвирга туширилди.

Оч тусли ехидна Фото: Truwana Rangers

Трувана (Кейп-Баррен) оролига ўрнатилган, ҳаракатни сезувчи датчиклар билан жиҳозланган камералар тармоғи кам ўрганилган турларни аниқлади. Улар орасида оч тусли ехидналар, майда ҳайвонлар ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган денгиз қушлари бор. Трувана рейнжерлари томонидан WWF-Australia’нинг Eyes on Country дастури ва Чарлз Стёрт университетидан доктор Элизабет Знидерсик кўмагида амалга оширилган ушбу лойиҳа мазкур оролда фотоқопқонлардан тизимли равишда илк бор фойдаланилган ҳолат бўлди.

2024 йил ноябридан 2025 йил майигача рейнжерлар еттита турли нуқтада 30 та камера ўрнатди. Улар олиб чиқилгандан сўнг, қурилмалар тахминан 500 мингта тасвирни қайд этгани маълум бўлди ва бу бутун ҳудуд бўйлаб ҳайвонлар фаолиятининг кенг кўламли манзарасини яратди. Энг муҳим натижалардан бири — оқпанжали даннартларнинг кўплаб кузатилганидир. Бу ҳашаротлар билан озиқланувчи кичик ҳайвон ҳисобланади. Ушбу тур ноёб деб ҳисобланади: Тасманияда, баҳолашларга кўра, уларнинг сони 5 мингтадан кам. Камералар даннартларни тадқиқ этилган етти ҳудуддан олтитасида қайд этди. Бу жуда таъсирли натижа, чунки бошқа минтақаларда уларни ҳатто жадал тадқиқотлар чоғида ҳам аниқлаш жуда қийин.

Оқпанжали даннарт
Фото: Truwana Rangers

Камералар, шунингдек, оч тусли ехидналарни ҳам тасвирга олди. Бу жониворлар Тасманияга хос кичик турга мансуб бўлиб, илиқ ҳудудларда яшайдиган ехидналарга қараганда қалинроқ юнг билан ажралиб туради. Уларнинг оч рангли бўлиши, эҳтимол, лейкизм билан боғлиқ — бу пигментациянинг камайишига олиб келувчи генетик ҳолатдир.

Бундан ташқари, суратга олиш жараёни бошқа майда сутэмизувчиларни ҳам қайд этди. Улар қаторида узунбурун поторунинг Тасмания кичик тури ва шарқий митти поссум ҳам бор. Қушлар орасида эса япон бекаси қайд этилди — бу кўчиб юрувчи тур бўлиб, Япониянинг шимоли ва Россия Узоқ Шарқининг айрим ҳудудларида ин қўяди, сўнгра Австралияга кўчиб ўтади.

Япон бекаси
Фото: Truwana Rangers

Бу илк бор ўтказилган тадқиқот натижалари оролда ёввойилашиб кетган мушуклар борлиги ҳисобга олинганда янада аҳамиятлидир. Бу ҳолат майда сутэмизувчилар популяциялари ҳали ҳам сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид