Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш учун ўз юришини бошлади. Шу пайтгача дарвозамизга бирорта гол ҳам ура олмаган Фаластин терма жамоасига қарши ўйин 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан тугади.

Агар жаҳон чемпионати саралашларини оладиган бўлсак, қаторасига тўртинчи ўйиндирки, рақиб дарвозасига бирорта ҳам гол ура олмаяпмиз. Гуруҳимизда Саудия Арабистони терма жамоаси ҳам борлигини эътиборга олсак, балки бизга кейинги босқичга чиқиш учун асосий рақобатчи бўлиши мумкин бўлган жамоага қимматли очколарни бой бердик. Эсингизда бўлса, ўтган сафар ҳам саралашни сафарда, сунъий майдонда бошлаганмиз ва Шимолий Кореяга 2:4 ҳисобида мағлуб бўлганмиз. Ўша ўйиндан кейин бош мураббий Миржалол Қосимов истеъфога чиқарилган, терма жамоа ўйини эса вақтинча ўнгланганди. Бу умумий гаплар.

Яна, «Фаластин даражасига тушиб қолдикми», «футболимизни тубдан ислоҳ қилиш керак», «болалар футболига эътибор қаратиш керак» қабилидаги мулоҳазаларни такрорлаш ниятим ҳам йўқ – бу гаплар аксар ҳолларда тўғри бўлса-да, яна умумий гаплар. Келинг, ундан кўра, кеча бизга нима ёки ким етишмагани-ю, нега бу қадар кучсиз ўйин ва қониқарсиз натижа тақдим этилгани ҳақида фикрлашиб кўрамиз.

Одатда, бундай натижа билан тугаган шу тариқа ўйинларда мағлуб жамоанинг вазиятларни кўкка совуриши, кучсизроқ саналган жамоанинг омади келиши ёки дарвозабоннинг ҳаддан ташқари маҳорат кўрсатиши, индивидуал хатолар муҳокама қилинади. Зеро, ҳаммаси жойида бўлган пайтларда фаворитнинг аутсайдерга ютқазиб қўйиши фақат мана шу сценарийда рўй бериши мумкин, холос. Бундай ўйинлар тезда унутилиши, келажакка қаралиши, хатолар такрорланмаслиги ва кейинги ўйинларда вазият ўнгланиши керак бўлади, тамом.

Аммо, кечаги ўйин ҳақида бундай дея олмаймиз – рақиб дарвозабони қаҳрамон бўлмади, футболчиларимиз ҳатто ҳисобда ортда бораётган паллаларда ҳам бирин-кетин хавфли вазиятлар ярата олмадилар, рақибнинг голларини омад билан боғлаш адолатсизлик. Бу энг ёмони, биз аслида мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатдик, систематик жиҳатдан ҳам, футболчиларнинг ўйинга бўлган муносабати-ю танланган тактика томонидан ҳам. Купер жамоаси икки жабҳада бутунлай тор-мор этилди – компакт ўйнаш ва тўпсиз ҳаракатланиш борасида. Бу камчилик ҳам ўйинга етарлича режа ва кўрсатмалар амалга оширмагани учун ҳам мураббийнинг, етарлича индивидуал ҳаракатлар бўлмагани учун ҳам футболчиларнинг айбидир. Алоҳида ажратиб олиш, айнан ниманинг ҳисобига бундай бўлганини айтиш қийин.

ТАРКИБ

Купер учрашувга юқорида расмда кўрсатилган таркиб ва схемани танлади. Кутилган ўйинчилар, фақат ўнг қанотдан Ҳамдамов эмас, Рўзиев жой олди. Буни биз Ҳамдамов эндигина тикланиб, «Пахтакор» таркибида қайтганини, Қувондиқ эса, «Қўқон 1912» билан бирга сўнгги ўйинларда яхши натижалар қайд этаётгани билан боғлаш мумкин. Ҳамробеков ва Аҳмедов таянч зонасида, Одилга кўпроқ ҳужумларни бошлаш, ўйинни имкон қадар юқоридаги тўртлик билан боғлаш вазифаси юклатилганди. Аммо бу вазифа умуман қониқарли бажарилмади ва бунда фақат Аҳмедовни айблаш нотўғри бўларди.