Қуйида келтирилганларнинг барчасини инглиз юристи Мэтю Ҳейл 1692 йилдаёқ ўз ворисларига ёзиб қолдирган. Бу маслаҳатлар бугунги кунгача ўз долзарблигини заррача йўқотмаган.

1. Ёлғон сўзламанг

Ёлғон — инсониятга қарши катта жиноятдир. Ҳақиқатсиз жамиятнинг хавфсизлиги кафолатланмаган. Ёлғон сўз гапирувчига зарар қилади: нафақат уятга қолдиради, балки кишида одат пайдо қилиб, ҳатто ўзи истаган вақтда ҳам рост сўзлашга қийнала бошлайди. Вақт ўтиши билан сўзловчи ўзининг ёлғон гапираётганини ҳам сезмай қолади.

2. Қўлингиздан келмайдиган ишдан сўз очманг

Тилингиздан тасодифан асоссиз гап чиқиб кетувчи вазиятлардан узоқ туринг. Ишончингиз комил бўлмаган нарсаларга бошқаларни ишонтиришга уринманг. Ёки сўзлаётган гапларингиз шунчаки тахмин ёки шахсий фикрингизлигини очиқланг.

3. Камгап бўлинг

Бекордан-бекорга орага суқилманг. Озроқ гапириш эвазига ўзгаларни тинглаш имкониятини яратинг ва янги билим, заковат ва малакага эга бўлинг.

4. Вазмин бўлинг

Баҳслар қайнаган вақтда бақира кўрманг, ўзингизни қўлга олинг. Рақибингизни баланд овоз билан эмас, соғлом ақл билан жим қилинг.

5. Сўзловчининг гапини бўлманг

Инсон сўзлаётганда ҳар не бўлса ҳам унинг гапини бўлманг. Охиригача тингланг. Шунда сиз уни яхшироқ тушунасиз ва нисбатан муносиброқ жавоб беришингиз мумкин бўлади.

6. Сўзларингизни чамалаб боринг

Аввало ўйланг ёки сукут сақланг. Айтмоқчи бўлганларингизни маъносига эътибор қаратиб, ибораларингизни чамалаб олинг. Бемулоҳаза одамлар сўзлашни бошламагунларича ўйлашмайди. Ёки гапириб бўлгандан кейин ўйлашади.

7. Ёқимсиз кишиларнинг камчиликларини кузатинг

Ўзига бино қўйган ва сурбет кишилар орасига тушиб қолсангиз, уларнинг камчиликларига эътиборингизни қаратинг ва эҳтиёт бўлинг. Шунда суҳбат давомида ҳам, умумий муомалада ҳам уларнинг хатоларидан қочишнинг уддасидан чиқа оласиз.

8. Ўзингизни мақтаманг

Мақтанманг ва ўз-ўзингизни баҳоламанг. Сизни мақтовчи фақат сизнинг тилингиз бўлса, бу обрўйингиз ўта паст ва тезлик билан қулашда давом этаётганидан далолатдир.