Жаҳон | 17:40 / 10.09.2019
15062
2 дақиқада ўқилади

Лавров Трамп унга АҚШнинг давлат сирларини бермаганлигини маълум қилди

Фото: Александр Щербак/ТАСС

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2017 йилда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашувида унга ҳеч ким ҳеч қандай давлат "ёки нодавлат" сирларини бермаганлигини айтди.

Лавров CNN телеканалининг Трамп 2017 йил май ойида Лавро билан учрашувида ИШИД террорчилари билан боғлиқ махфий маълумотни айтиб қўйгани тўғрисидаги хабарига шу тарзда изоҳ берди.

CNN телеканалининг таъкидлашича, Трампнинг бу иши туфайли Америка махсус хизматлари Россиядан ўзларининг қимматли агентини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Лавров шунингдек, Америка ОАВ жосус деб атаётган Олег Смоленков билан таниш эмаслигини таъкидлади.

"Уни ҳеч қачон кўрмаганман, ҳеч қачон учрашмаганман, унинг фаолиятини кузатмаганман ва миш-мишларни изоҳлашни истамайман, бу инсон билан ҳеч қачон мулоқот қилмаганман", - деди Россия ташқи ишлар вазири.

"Коммерсантъ" газетасининг маълумот беришича, Олег Смоленков CNN айтаётган ўша қимматли агентдир. Нашрнинг ёзишича, Смоленков илгари Россия президенти маъмуриятида ишлаган. У 2017 йилда оиласи билан Черногорияга дам олгани кетганидан сўнг ғойиб бўлган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Смоленков президент маъмуриятида ишлаганини, бир неча йил аввал ишдан бўшатилганини тасдиқлади.

2017 йил майда Washington Post газетаси Трамп Лавров билан учрашуви давомида ИШИД билан боғлиқ "ўта махфий маълумот"ни ошкор қилганини ёзганди. Нашрнинг ёзишича, бу мазкур террорчилик гуруҳи тўғрисида "муҳим маълумотлар етказувчининг ҳаётини хавф остига қўйган".

Мавзуга оид