Англиялик йирик сиёсат арбоби, Британия парламенти лордлар палатаси аъзоси, мултимиллионер Муҳаммад Илтаф Шайх ҳамда унинг самарқандлик рафиқаси Гули Муродова номи кўпчиликка яхши таниш. Уларнинг муҳаббат ришталари ва никоҳ тўйи ўзбек матбуоти ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Мазкур жуфтлик орасидаги 44 йиллик фарқ баъзиларда шубҳа уйғотишига қарамай, бахтли ҳаёт кечиришяпти. Улар Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ниятида туризм ва инвестиция соҳасига оид бир қанча лойиҳаларни ҳам оммага кенг татбиқ этишмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган Гули хоним Шайх билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган қатор саволларга жавоб олдик.

Гули Муродова август ойи охирида турмуш ўртоғи билан Самарқандда бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали сабаб Ўзбекистонга ташриф буюрганди. У интервью давомида ўзининг бир қанча лойиҳаларини йўлга қўйиш устида жиддий иш олиб бораётгани ҳақида ҳам гапирди.

«Умр йўлдошим билан маслаҳатлашган ҳолда она юртимга инвестиция олиб киришга қарор қилдик. Айни пайтда Тошкентда ташкил этилган инглиз тилини ўргатувчи London Collage of English курсларимиз ўз фаолиятини бошлаш арафасида. Мақсадимиз ўзбекистонликларга инглиз тилини мукаммал ўргатиш ва уларнинг малакасини ошириш. Дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Шу боис Англиядан етарли тажрибага эга ўқитувчиларни таклиф этмоқчимиз.

Шунингдек, Ўзбекистонда имконияти чекланган ва боқувчисини йўқотган болалар учун оилавий хайрия фондини ташкил қилиш ҳам режамизда бор. Ўқув курсларидан тушган маблағларнинг маълум миқдорини шу фондга йўналтирмоқчимиз. Лорд Шайх ҳозирда Амир Темур ҳақида китоб ёзмоқда. Китоб сотувидан келган пулларнинг ҳам маълум қисмини фондга ўтказамиз. Бундан ташқари, ногиронлиги бор болажонлар учун бепул курслар ташкил қиламиз. Уларга ёрдам қўлини чўзиш бош мақсадимиз», - дейди Гули хоним Шайх.

Суҳбатдошимиз мулоқот давомида Лондонда ўзбек маданиятини тарғиб қилишда амалга ошираётган ишларини ҳам айтиб ўтди. У турмуш ўртоғи кўмагида «Silk Road Global» компаниясига асос солган. Ўзбек миллий ҳунармандчилик ва қўл иши меҳнати билан яратилган асарларни интернет орқали сотмоқда. «Яқинда Лондонда бўлиб ўтган йирик фестивалга таклиф қилишди. Беш кунлик тадбирда англияликлар ўзбек ҳунармандларининг ижод намуналарини эътироф этишди. Бу борада олиб бораётган кичик хизматларимни юқори баҳолаб, «Бизнес леди» соврини билан тақдирлашди. Бундан ўзбек қизи сифатида жуда ғурурландим», - дейди у.