Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 16 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифи давомида Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, ўтган қисқа фурсатда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада катта ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар рўй бергани, Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани, галдаги вазифа – ушбу тузилмалар билан халқаро марказлар ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш, халқаро конференциялар ўтказиш, буюк аждодларимиз меросини дунё бўйлаб кенг тарғиб этиш бўйича топшириқлар берган эди.

Ана шу мақсадда, Буюк Британияга сафар қилган Ўзбекистоннинг етакчи исломшунос ва шарқшунос олимларидан иборат делегация Британия илмий доиралари, таълим ва маданият муассасалари вакиллари, зиёлилар, диний соҳа намояндалари билан учрашув ва музокаралар ўтказмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 1 март санасида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида бўлиб ўтган тадбирда ушбу мамлакатнинг йирик сиёсат арбоби, Парламентнинг Лордлар палатаси вакили лорд Муҳаммад Илтаф Шайх бошчилигида кўҳна қитъадаги нақшбандийлик тариқати вакиллари, уламолар, туристик компания мутасаддилари қатнашди. Учрашувда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, ҳалол стандартнинг жорий этилгани, мамлакатдаги табаррук манзилларда сайёҳлар учун яратилаётган қулай шароитлар хусусида маълумот берилди. “Ўзбекистон – ислом маданияти жавоҳири” мавзусидаги тақдимот ва фильм намойиши бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси матбуот хизмати

Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий йўналишлардаги ислоҳотлар мамлакат халқаро нуфузининг янада юксалишига, турли соҳаларда Ўзбекистоннинг дўстлари ва ишончли ҳамкорлари сони ортишига хизмат қилаётганини қайд этди.

“Ўзбекистон ислом маданияти, фани ривожига улкан ҳисса қўшган. Агар Улуғбек ҳозир ҳаёт бўлганида ўзбеклар биринчи бўлиб ойга сафар қилган бўларди. Ал-Хоразмий бўлмаганида замонавий технологиялар ҳам бўлмас эди. Ибн Сино асарлари асосида ҳозир Европа тиббиётни ўрганмоқда. Биз радикаллашувга Ўзбекистон маданияти билан қарши курашишимиз керак. Сизлар Имом Бухорий ҳадисларини инглиз тилига таржима қилиб, шарҳлаб беринг. Биз бу китоблар билан жаҳолатга қарши курашамиз”, - дейди лорд Муҳаммад Илтаф Шайх.