Ўзбекистон | 17:41 / 11.09.2019
4257
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатасида «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилиш учун тайёрланмоқда

Фото: Depositphotos

Ҳукумат томонидан парламентга киритилган кўрсатилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда шу йил 6 сентябрда қабул қилинди. Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаёти учун энг муҳим фаолиятдаги муносабатларни ҳар томонлама ҳамда тизимли равишда тартибга солишга имкон беради.

Қонун нашриётлар, ишлаб чиқарувчилар, ноширлик маҳсулотларининг муаллифлари ва тарқатувчиларини тартибга солишни қамраб олади. Қонуннинг муҳим янгиликларидан бири шундаки, у нафақат ноширлик маҳсулотларининг босма нусхаларини, балки бизнинг ҳаётимизга тобора кўпроқ кириб келаётган электрон нашрларни ҳам ишлаб чиқаришни тартибга солади.

Депутатлар киритилган ҳужжат лойиҳасини танқидий ўрганиб чиқдилар ва бир қатор муҳим таклифларни киритдилар, уларнинг қабул қилиниши қонунни қўллаш самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Хусусан, ноширлик соҳасидаги хўжалик субъектлари фаолиятини либераллаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш, ички бозор иштирокчиларининг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Парламент қўмитаси экспертлар ва кенг жамоатчиликнинг барча изоҳларини тўплаш ҳамда ҳисобга олишдан манфаатдор.

Мавзуга оид