Табиий газланган сувлар қадим замонлардан маълум бўлиб, табиблар ундан даволаш мақсадларида фойдаланиб келишган. Машҳур юнон табиби Гиппократ ҳам бу сувдан ичишни ва унда чўмилишни тавсия қилган. ⅩⅧ асрда минерал сувлар шиша идишларга қуйилиб, сотила бошланди. Бироқ, у анча қиммат бўлиб, қолаверса, жуда тез ўзгарар эди. Шу боисдан ҳам, кейинчалик, бу сувларни сунъий равишда газлаштиришга уриниш ҳолатлари кузатилди.

Газланган сувни илк бор 1767 йилда кимёгар Ж.Пристли кашф этди. Бундай сувларни саноат даражасида ишлаб чиқишни Якоб Швелл йўлга қўйди. У газланган сувни ишлаб чиқарувчи саноат қурилмаларини яратди. ⅩⅨ асрдан у сувни газлаштириш учун оддий ошхона содаси ва табиий газланган сувдан фойдаланди, бу ишлаб чиқариш таннархини арзонлаштирди.

Келинг, вақтни кўп олмаслик мақсадида газланган сувларнинг инсон саломатлигига қанчалик зарарли ёки фойдали эканини кўриб чиқсак. Хўш, ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган газли ичимликлар табиатда газли ҳолда чиқадиган, Гиппократ даволашда ишлатган сувлар каби фойдалими ёки бу инсон саломатлигига хавфли? Бу масала бўйича Россия давлатининг «Роспотребнадзор» ташкилоти томонидан тақдим этилган маълумотни эътиборингизга ҳавола этамиз. Хулоса чиқариш эса, албатта, истеъмолчига ҳавола.

Газланган сув таркибидаги карбонат ангидрид газ ҳолида инсон саломатлигига зарарли бўлмаса-да, сув билан қўшилганда соғлиқ учун зарарли ҳисобланади. Нега деганда, газнинг сув билан реакцияси натижасида ошқозон ва овқат ҳазм қилиш тизими учун хавфли ҳисобланиб, шамоллаш жараёнларини келтириб чиқаради.

Яхшиямки, бу кислота тезда парчаланади, бироқ ошқозонда узоқ вақт сақланиб қолади. Газ ошқозонга тушганида – ҳазм қилиш ва ўзлаштириш бузилишига, ошқозонга тушган таомнинг туриб қолишига олиб келиши мумкин. Таъкидлаш ўринлики, газланган ичимликларни кичик ёшдаги болалар кундалик таомлари рўйхатидан бутунлай чиқариб ташлаш зарур. Карбонат ангидрид консервант ҳисобланади ва қадоқларда Е290 сифатида белгиланади. Шу ўринда газланган сувларнинг истеъмолига доир яна бир жиҳат борки, агар газланган сув танани электролитлар билан бойитади. Шу билан уни мутлақ зарарли деб бўлмайди.

Аммо, ширин газланган ичимликларни ичиш салбий оқибатларга олиб келиши аниқ. Газланган ичимликлар таркибига кирувчи натрий бензоат озиқ-овқат маҳсулотларида консервант сифатида қўлланилади. Натрий таркибли консервантлар организмдаги калий миқдорини камайтиради. Ширин газланган ичимликлар таркибидаги шакар ва кислота эса, тиш эмал қатламини парчалайди. Кариес тиш илдизи, негизи ва асаб толасига етганида тиш парчаланади. Аксарият ширин газланган ичимликлар таркибида маккажўхори сиропи кўп миқдорда бўлиб, у иккинчи типдаги қандли диабет ёки юрак билан боғлиқ хасталикларни келтириб чиқаришга сабаб бўлиши мумкин. Газли ширин ичимликлар истеъмолини севувчиларнинг 80 фоизида қандли диабетни орттириши эҳтимоли юқори бўлади.