Тошкент шаҳар ҳокимлиги Глинка кўчасида содир бўлган ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, диаметри 219 мм бўлган ерости газ қувуридан сизиб чиққан газ иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиб, авария ҳолатини келтириб чиқарган.

Текширув давомида газ қувурининг тахминан 375 квадрат сантиметр (15×25 см) майдонида бир нечта жойдан газ сизиб чиқаётгани аниқланган.

Айни пайтда мутахассислар ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва бошқа тафсилотларини ўрганмоқда. Шунингдек, муҳандислик тармоқларининг ҳолати текширилиб, бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Текширув якунланганидан сўнг йўл қопламасини тиклаш ишлари давом эттирилади. Ҳокимлик маълумотига кўра, йўл яқин вақт ичида транспорт ҳаракати учун очилиши режалаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунларига кўра, айбдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вазият доимий назоратда эканини маълум қилди.