Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–июл ойларида мамлакатда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 802,5 трлн сўмни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 16,7 фоиз кўп.

Хизмат турлари орасида энг юқори ўсиш молиявий хизматларда кузатилди — ўсиш суръати 124,5 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан молиявий хизматлар ҳажми 24,5 фоизга ошганини англатади.

Кейинги ўринларда меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синов ва таҳлил хизматлари — 123,6 фоиз, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари — 120 фоиз ҳамда таълим хизматлари — 118,4 фоиз билан қайд этилди.

Шунингдек, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар 15,4 фоиз, соғлиқни сақлаш хизматлари 15,3 фоиз, савдо хизматлари 15,2 фоиз, яшаш ва овқатланиш хизматлари 15 фоизга ўсди.

Шахсий хизматларда ўсиш 14,4 фоизни, транспорт хизматларида 14,3 фоизни, компьютер ва маиший товарларни таъмирлашда 11,3 фоизни, ижара хизматларида эса 10,7 фоизни ташкил этди.

Январ–июл ойларида молиявий хизматларнинг умумий ҳажми 125,8 трлн сўмга етган. Савдо хизматлари 202 трлн сўм, яшаш ва овқатланиш хизматлари 149,7 трлн сўм, транспорт хизматлари эса 121,5 трлн сўмни ташкил қилган.