Қашқадарё вилоят маркази — Қарши шаҳридан таҳририятимизга келиб тушган мурожаатни ўрганиш учун шаҳарнинг «Қарши» маҳалласига йўл олдик.
Бу ерда ўтган, аэропортга элтувчи Махтумқули кўчаси бўйида замонавий кўп қаватли турар жойлар барпо этилган. Тураржойлар барпо этилиш асносида аҳолининг бир қаватли турар жойлари «снос» қилинган ва уларга Шойхўжа массивидан ер участкалари ажратилган ва компенсация тўловлари тўланган.


Бироқ ишлар охиригача етмай қолган. Бизга ҳикоя қилиб беришларича, иккита уй «снос»га тушгани билан улар ҳалигача бузилмасдан, баҳоланган компенсация пулларини ололмасдан туришибди. Хонадонда яшовчиларга микрофон тутганимизда улар ўз дардларини шундай баён қилишди:

«Уч йилдан буён бизнинг Қарши шаҳри Ипак йўли кўчасида жойлашган «снос»га тушган уйимиз учун компенсация пулимизни беришмайди. Қурилиш ва таъмирлашга ихтисослашган «Қурбонов Ваҳоб Ғаниевич» хусусий корхонаси бу жойда кўп қаватли турар уй-жойлар қурган. Бизларнинг хонадонларимиз ўрнида болалар майдончаси тушиши керак. Бироқ бизнинг уйларимиз бузилмасдан қолиб кетди. Ҳолбуки Қарши шаҳар ҳокимлиги бузиладиган уйларимиз ўрнига Шойхўжа массивидан ер майдонлари ажратиб беришган. Уч йилдан буён на янги уй қура оламиз, на бу эскисини таъмирлай оламиз», — деди Муқаддас Райимова.

«Уйларимиз атрофида қурилиш ишлари амалга оширилгани боис уйлар чуқурликда қолиб кетди. Газ, свет, сувдан узилган. Ёмғирли кунларда ҳовлиларимиз, уйларимиз ичи сувга тўлиб кетди. Бу уйда учта овсин оиламиз билан истиқомат қиламиз. Совуқ кунларда жуда-жуда қийналяпмиз. Қурувчи гарчи судда бизга тўрт марта ютқазгани билан, ҳанузгача компенсация пулимизни бермасдан, турар жой учун болалар майдончаси қурмасдан ҳаммани сарсон қилиб юрибди. Чопа-чоп қилганимиздан сўнг 60 миллиондан зиёд пул пластик карточкага тушириб берилди. Яна 100 миллиондан ортиқ маблағимиз турибди. Лекин бу уйимизнинг уч йил олдинги нархларда баҳоланган нархи. Бугунги кунда бу пулларга ҳеч нарса қилиб бўлмайди», — деди Шоҳиста Шомаматова.
















