Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан фуқаролар томонидан мамлакатга олиб кирилаётган пальма ёғи ва унинг асосида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон саломатлигига таъсири юзасидан тегишли давлат органларига маълумотлар сўраб сўровлар юборилди ҳамда ўрганишлар олиб борилди, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашев.

Қаҳрамон Эргашев

Билдирилишича, бу ўрганишлар депутатларнинг ўз сайловчилари билан учрашувларида, улар кундалик истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибида трансёғлари, хусусан, пальма ёғи миқдори белгиланган меъёридан юқори эканлиги ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, охирги уч йилда мамлакатга ўртача 50 минг тоннадан ортиқ пальма ёғи импорт қилинган. Бу, ўз навбатида, жорий йилнинг ўтган қисқа даврида пальма ёғи импорти ўтган йилларга нисбатан кескин ўсаётганлигидан далолат бермоқда.

Маргарин ва пишлоқ маҳсулотларида ёғ кислоталаридаги трансизомерлар миқдор кўрсаткичи бўйича 4 фоизгача этиб белгиланган бўлса-да, харид қилинган намуналарда уларнинг миқдори 8,8 фоиз, яъни ушбу маҳсулотлар таркибида бегона ёғларнинг миқдори 2 баробардан юқорилиги қайд этилди. Бу амалдаги “Сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”да сут маҳсулотлари таркибида сут ёғларидан ташқари бегона ёғларнинг бўлмаслиги шартига зид бўлмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосасига кўра, пальма ёғи инсон саломатлиги учун хавфлилиги тиббиётда аниқланган бўлиб, ҳатто, эркакларнинг бепуштлигини ҳам келтириб чиқариши мумкин экан. Шу боис, бугунги кунда Ўзбекистонда амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига асосан болалар озиқ-овқати маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида пальма ёғидан фойдаланиш тақиқланган.

“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг парламент олдидаги ҳисоботида мазкур масала Ҳукумат вакиллари олдига қўйилган эди. Депутатлар таклифи бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат махсус Ишчи гуруҳи ташкил этилиб, масалани чуқур ўрганиш ва тегишли хулосалар чиқаришга келишилди.

Сўнгра, 2019 йил 19 август куни Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисининг баёнида Давлат дастурининг ижроси юзасидан импорт қилинаётган пальма ёғининг озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларга вазифалар юклатилиб, тегишли муддатлар белгиланди.