Фискал таҳлиллар институти 30 июл куни бўлиб ўтган Фискал мулоқотда палма ёғига акциз солиғи жорий этишни таклиф қилди. Институт вакилларига кўра, бундай чорадан мақсад зарарли маҳсулот истеъмолини камайтириш ва давлат бюджети даромадларини оширишдан иборат.
Институтнинг Яширин иқтисодиёт, солиқ ва божхона маъмурчилигини таҳлил қилиш бошқармаси бош мутахассиси Фазлиддин Шамсиевнинг айтишича, акциз солиғи одатда инсон саломатлиги учун зарарли деб топилган маҳсулотларга нисбатан қўлланади.
Унинг таъкидлашича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти палма ёғини тўйинган ёғлар миқдори юқори бўлган маҳсулот сифатида баҳолайди. Шунингдек, Жаҳон банки тадқиқотларида ҳам палма ёғига акциз солиғи жорий этилиши унинг истеъмолини камайтириши ва бюджет даромадларини ошириши қайд этилган.

Институт ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга қарийб 12,8 минг тонна палма ёғи импорт қилинган. Ўртача импорт нархи бир тоннаси учун 1,4 минг долларни ташкил этган.
Шамсиевнинг айтишича, агар палма ёғига 10 фоизлик акциз солиғи жорий этилса, давлат бюджетига қўшимча 22 миллиард сўм тушум тушиши мумкин.
“Юк охир-оқибат истеъмолчига тушади”
Бироқ муҳокама давомида ушбу таклиф юзасидан эътирозлар ҳам билдирилди.
Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов палма ёғи бугунги кунда аҳолининг кундалик истеъмол қиладиган кўплаб маҳсулотлари таркибида мавжудлигини таъкидлаб, акциз солиғининг якуний нархларга таъсири етарли даражада ҳисобга олинмаганини айтди.
Унинг фикрича, импорт ҳажми ва бюджетга тушадиган қўшимча маблағни ҳисоблашнинг ўзи етарли эмас.
“Палма ёғига акциз солиғи қўйсак, бюджет даромади фалонча ошади дейиляпти. Лекин у мамлакат ичига кириб келгандан кейин ишлаб чиқарилган маҳсулот нархига қанчалик таъсир қилиши ва бу эртага халққа нисбатан юк бўлишини ҳам ҳисобга олиш керак”, — деди Муҳаммаджонов.
“Муаммо акцизда эмас, нақд савдода”
Солиқ маслаҳатчиси Умидбек Сафаров эса муаммони бошқа томондан кўришни таклиф қилди.
Унинг айтишича, палма ёғи бевосита аҳоли истеъмол қиладиган маҳсулот эмас, балки ишлаб чиқаришда хомашё сифатида ишлатилади. Шу боис асосий эътибор янги солиқ жорий этишга эмас, ушбу маҳсулот айланмасининг шаффофлигини таъминлашга қаратилиши керак.
Сафаровнинг таъкидлашича, импорт қилинган палма ёғининг катта қисми кейинчалик нақд пул эвазига сотилади ва айнан шу ҳолат яширин иқтисодиётнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.
У палма ёғи савдосини фақат банк ўтказмалари орқали амалга ошириш механизмини жорий этиш яширин иқтисодиётни қисқартиришга хизмат қилиши мумкинлигини айтди.
“Агар палма ёғининг кейинги ҳаракатларини назорат қилиб, уни нақд пулга эмас, пул кўчириш йўли билан сотишга ўтсак, менимча, уни яширин иқтисодиётдан чиқариб, оққа олиб чиқиш имкони бўлади”, — деди у.
Муҳокама давомида иштирокчилар палма ёғига акциз солиғи жорий этиш масаласида фақат бюджетга тушадиган қўшимча даромад эмас, балки унинг озиқ-овқат маҳсулотлари нархига, истеъмолчиларга ва ишлаб чиқарувчиларга таъсири ҳам алоҳида таҳлил қилиниши лозимлигини таъкидлади.










