Ўзбекистон | 11:27 / 18.09.2019
14222
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги «Human» хусусий бандлик агентлигига берилган лицензияни вақтинчалик тўхтатди 

“Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, вазирликка кўплаб фуқаролар томонидан норозилик мазмунидаги мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар ўрганиб чиқилганда, фуқаролар “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖга тўлаган пулларини қайтариб олиш юзасидан бир қатор муаммоларга дуч келганлиги аниқланган.

Унга кўра, фуқаролар ва “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ ўртасида хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома имзоланган бўлиб, шартномада Германия ва Чехия давлатларида 6-8 ой ичида ишга жойлаштириш кўзда тутилган.

Бироқ Агентлик ўзига юклатилган мажбуриятларини вақтида бажармаган. Фуқаролар тўлов қилинган пулларни қайтариб берилишини талаб қилган бўлса-да, уларга пуллар ҳанузгача қайтариб берилмаганлиги аниқланган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 45 ва 46-бандларига мувофиқ, “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ лицензиясининг амал қилиши 10 иш куни муддатига тўхтатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилди.

“Human” хусусий бандлик агентлигидан шу муддат ичида фуқаролар пулини қайтариш талаб этилади. Акс ҳолда лицензияни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади, дейилади хабарда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фуқароларни хусусий бандлик агентликлари билан шартнома имзолаган вақтда эътиборли бўлишга, шартнома шартларини тўлиқ ўрганиб чиқиш лозимлигини эслатган.

Мавзуга оид