БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Тошкентда меҳмон бўлиб турибди.
БМТ вакили бугун, 25 сентябрь куни Халқаро пресс-клубда ҳам меҳмон бўлди ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди.
Учрашув аввалида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини вақтинча бажарувчи Саша Грауманнга сўз берилди.
«Бизнинг ташкилотда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ташкил этилган. Унда 44 хил турдаги мандатлар бўлиб, улар турли мамлакатларга ташриф буюришади. Ташриф мобайнида ўша ердаги вазиятлар ўрганилади. Бундан ташқари, экспертлар билан учрашиб турли тадбирларда қатнашишади. Ўтган йили Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари Олий комиссар, дин ишлари бўйича махсус комиссар ҳам ташриф буюрганди.
Ҳурматли Гарсия-Саян 18 сентябрь куни Ўзбекистонга келди. У турли даражадаги мулозимлар билан учрашди, бу учрашувларда судьялар, адвокатлар мустақиллиги бўйича суҳбатлар олиб борилди. Шу муносабат билан Тошкент, Самарқанд ва Фарғонада учрашувлар ўтказилди», дея Саша Грауманнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Шундан сўнг сўз махсус маърузачига берилди.
«Ўзбекистон судьялар ва адвокатларни ҳуқуқини ҳимоя қилишда муҳим қадамларни қилишган. Бу борада баъзи қийинчиликларга ҳам дуч келинган. Бу борада жуда муҳим яна ҳам ёрдамчи қарорлар ва ҳаракатлар амалга ошириш керак. Биз давлат ташкилотлари, суд мутасаддилари, маҳаллий ҳокимият вакиллари, адвокатлар, турли нодавлат ташкилотлар ва бугун сизлар билан учрашиб турибмиз. Бугун Ўзбекистон президенти билан ҳам жуда конструктив учрашувни амалга оширдик.

Ҳукумат бу борада қилаётган ишларини эътироф этиш лозим. Ижобий жиҳатлар бор. Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактаби каби муассасалар ташкил топгани каби қадамлар ташланган. Бу судьяларнинг прокурорлардан мустақил тарзда фаолият юритиб, аста-секин оқлов ҳукмлари ҳам чиқарилишига таъсир этмоқда. 2016 йилда бор-йўғи 6та оқлов ҳукми қайд этилган бўлса, бу йилнинг ўзида 500тадан ортиқни ташкил қилди.
Суд қарорлари оммага берилиши коррупциянинг олдини олувчи ҳолатлардан ҳисобланади. Бир масалада турли судьяда турлича қараш бўлса, бу коррупцияни келтириб чиқаради. Бу жараёнлар шаффоф тарзда йўлга қўйилиши керак. Шунга қарамай, бир қатор масалалар ўз ечимини кутмоқда ва улар жуда ҳам муҳим. Булардан энг асосийси 6тасини санаш мумкин.






