Shield AI компанияси X-BAT автоном жанговар учиш аппаратининг илк тўлиқ ўлчамли прототипини йиғишни якунлади. Янги версия қанот профили ўзгартирилгани ва двигатель соплоси узайтирилгани билан ажралиб туради.
Shield AI компанияси ўзининг X-BAT автоном жанговар самолётининг илк тўлиқ ўлчамли прототипини яратишни якунлади. Бу учиш-қўниш йўлагисиз ҳавога кўтарилиб, қўна оладиган истиқболли аппаратнинг парвоз синовлари бошланишини яқинлаштирмоқда. Аппарат вертикал учиш ва қўниш (VTOL) имкониятига эга бўлиб, бу келгусида АҚШ ҳарбийларига жанговар дронлардан анъанавий аэродромларсиз фойдаланиш имконини бериши мумкин. X-BAT кемалар, олис ороллар ва инфратузилмаси чекланган бошқа майдонлардан ҳаракат қила олиши кўзда тутилган.
X-BAT 001 деб номланган прототип яқинда Shield AI компаниясининг Техас штатидаги Фриско шаҳрида жойлашган ишлаб чиқариш мажмуасидан олиб чиқилди. Ҳозир компания аппаратни Канзас штатидаги Ньютон шаҳрида жойлашган X-Forge 2 синов аэродромига етказмоқда. Мустақил парвозга уринишлардан олдин муҳандислар куч қурилмаси ҳамда вертикал учиш ва қўниш тизимларини текширишга киришади.
Shield AI X-BAT илк бор мустақил равишда ҳавога кўтарилгунига қадар синовларни босқичма-босқич ўтказишни режалаштирмоқда. Дастлаб муҳандислар махсус учиш-қўниш платформасида турган аппаратнинг двигателини горизонтал ҳолатда ишга туширади. Шундан сўнг куч қурилмаси вертикал тортиш режимида синалади.
Кейинги босқичда мутахассислар дастлабки парвоз тажрибалари пайтида аппаратни ушлаб туриш учун крандан фойдаланади. Бундай усул двигател тўхтаб қолса ёки бошқа техник носозлик юзага келса, прототипни йўқотиш хавфини камайтиради. Кран ёрдамидаги синовлар муваффақиятли якунланиши аппаратни эҳтиёт учун осиб ушлаб турувчи мосламасиз намойиш парвозларига йўл очади.
X-BAT куч қурилмасининг асосини GE Aerospace компаниясининг F110-GE-129E икки контурли турбореактив двигатели ташкил этади. У ўққа нисбатан симметрик, буриладиган реактив сопло билан жиҳозланган. Бу сопло тортиш кучи йўналишини ўзгартириш ҳамда вертикал учиш, қўниш ва ҳавода муаллақ туриш пайтида самолётнинг ҳолатини бошқариш имконини беради.
Shield AI ва GE Aerospace июл ойида двигателни ишга тушириш, буриладиган соплонинг ишлаши ҳамда куч қурилмасини интеграциялаш бўйича синовларни якунлаган. Синовлар GE компаниясининг Оҳайо штатидаги Пиблс шаҳрида жойлашган корхонасида ўтказилган. Олинган натижалар аппаратнинг ғайриоддий аэродинамик ва двигател схемасидаги энг муҳим қисмлардан бирини текшириш имконини берган.








