«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги доирасида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти (ИИВ ТҚД) ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари ҳамкорликда бир қатор тезкор-қидирув тадбирларини ўтказди.

Дастлаб Сергели туманида гиёҳвандлик воситаларини тарқатишда гумонланган шахслар ушланган.

Маълум қилинишича, «Матиз» автомобилида гиёҳванд моддаларни яширин жойларга қолдириш — «закладка» усулида тарқатиб юрган 1996 ва 1999 йилларда туғилган эр-хотин ҳамда уларнинг 2000 йилда туғилган шериги қўлга олинган.

Уларнинг ёнидан 50 та алоҳида ўрамга жойланган гашиш аниқланган.

Гуруҳ аъзолари ижарага олган Чилонзор туманидаги хонадон текширилганда эса 450 грамм гашиш, 100 грамм мефедрон, 1000 дона зип-пакет, иккита электрон тарози ва ўраш учун мўлжалланган ашёлар топилган.

Тезкор тадбирлар Тошкент вилоятининг Қибрай туманида давом эттирилган.

Бу ерда муқаддам талончилик ва фирибгарлик жиноятлари учун судланган шахс гиёҳванд моддаларни яширин жойларга қолдирувчи воситачи сифатида фаолият юритгани аниқланган.

У бошқарган автомобил «Қорамурт» постида тўхтатилиб, текширилганда гашиш топилган.

Кейинги тезкор тадбир Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган.

Унда интернет орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганликда гумон қилинган, 1987 йилда туғилган ва муқаддам бир неча бор судланган шахс ҳамда унинг шерикларига алоқадор манзил текширилган.

Хонадондан 2 килограмм опий экстракти, 40 грамм гашиш, электрон тарози, 1000 дона зип-пакет, махсус темир идиш ва бошқа жиҳозлар топилган.

Расмий маълумотга кўра, ўтказилган тадбирлар давомида жами 550 грамм гашиш, 100 грамм мефедрон ва 2 килограмм опий экстракти олиб қўйилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тадбирлар натижасида 26 300 доза гиёҳвандлик воситасининг аҳоли орасида тарқатилишига йўл қўйилмаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фуқаролардан гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ шубҳали шахслар ёки ҳолатлар ҳақида маълумотга эга бўлсалар, Telegram орқали Stopnarkobot'га хабар беришни сўраган.

Мамлакат бўйлаб гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши тезкор-профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.