Жамият | 13:45 / 28.09.2019
19213
2 дақиқада ўқилади

ТИВ: Туркиядаги зилзила оқибатида Ўзбекистон фуқаролари жабрланмаган

Фото: AFP / Scanpix

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги (Туркия) Бош консулхонаси 2019 йилнинг 26 сентябрь куни мазкур шаҳарда содир бўлган зилзила оқибатида Ўзбекистон фуқароларининг жабрлангани тўғрисида маълумот келиб тушмаганини хабар қилди. 

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотида айтилишича, Бош консулхона одатдаги тартибда ишламоқда.

Туркия вице-президенти Фуат Ўқтайга кўра, Истанбулда содир бўлган зилзила натижасида 34 киши яраланди, 473та бинога шикаст етди

«Зилзила оқибатида яраланган 34 кишидан 10 нафари касалхонада даволанишни давом эттирмоқда, 24 кишига жавоб берилди. Зилзиладан сўнг 188та афтершок қайд этилди, уларнинг энг кучлиси 4,1 баллга тенг бўлди», - деди у журналистларга.

Европа Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг маълумот беришича, пайшанба куни Туркия ғарбида 5,9 балли зилзила содир бўлди. Зилзила ўчоғи Истанбулдан 68 километр ғарбда жойлашган.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Туркия, Болгария, Руминия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда мамлакатнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид