Жаҳон | 15:05 / 29.09.2019
47589
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони подшоҳининг шахсий тансоқчиси отиб ўлдирилди

Фото: Alarab.co.uk

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг шахсий тансоқчиси, бригада генерали Абдулазиз ал-Фаҳм ўқотар жароҳат оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Макка полициясига иқтибос келтирган ҳолда Al Arabiya телеканали хабар берди.

Полицияда таъкидланишича, генерал 28 сентябрь кечки вақт ўз дўсти уйида отиб ташланган. Маълумотларга кўра, подшоҳнинг қўриқчиси дўсти Турки бин Абдулазиз ас-Собтийни кўргани Жиддага борган. У ерда генерал ва дўстининг яна бир меҳмони Мамдуҳ бин Машъал Ал Али ўртасида можаро чиққан. Можародан кейин Мамдуҳ уйдан чиқиб, у ерга қурол билан қайтган ва уйдаги барчани бетартиб ўққа тутган.

Тансоқчи оғир жароҳат олиб, шифохонада жон берган. Можаро вақтида яна икки киши, жумладан уйнинг эгаси ва филиппинлик ишчи жароҳат олган. Воқеа жойига етиб келган полициячилар ва уларга таслим бўлишни истамаган жиноятчи ўртасида отишма юз берган. Отишма вақтида 5 полициячи яраланган, жиноятчи эса отиб ўлдирилган.

Генерал ал-Фаҳм кўплаб саудиялик подшоҳлар билан ишлаган, марҳум подшоҳ Абдуллоҳнинг шахсий тансоқчиси бўлган, кейинроқ подшоҳ Салмонни қўриқлаган ва дунёда ўз ишининг энг моҳирларидан бири ҳисобланган.

Мавзуга оид