Ўзбекистон | 14:05 / 30.09.2019
51514
2 дақиқада ўқилади

Сенатда Шуҳрат Ғаниев масаласи одоб комиссияси йиғилишида кўрилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Сенати йиғилишида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг масаласи кўриб чиқилмоқда.

Сенат раиси Танзила Норбоева Facebook’даги саҳифасида Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқи 2 кундан буён жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиб келинаётгани ҳақида ёзиб, бугун ҳоким хатти-ҳаракатлари юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилиши ўтказилишини маълум қилганди.

Бундан аввалроқ, Фарғона вилояти ҳокими соқол, рўмол ва иш жойларида намозга қарши чиқиб, бунга бўйсунмаганларни қамаш билан таҳдид қилгани ёзилган аудио тарқалган эди. Фарғона вилояти ҳокими селектор давомида турк инсвесторининг соқолини олишни буюрган, вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса, ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилишини айтгани, шунингдек, олдида ким бўлишидан қатъи назар рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса, унинг рўмолини ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Шуҳрат Ғаниевнинг тарқалган аудиоси бўйича расмий баёнот бериб, ҳокимнинг сўзлари нотўғри талқин қилинганини билдирганди.

 

Мавзуга оид