Эллик мамлакатдан 150 нафарга яқин парламентарийни бирлаштирган мазкур халқаро анжуман инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда замонавий таҳдидларга биргаликда ечим топиш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлгани алоҳида қайд этилди.
Йиғилиш давомида Самарқанд конференциясига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Унда анжуманнинг муҳим лаҳзалари ва эришилган натижалар акс эттирилиб, Ўзбекистоннинг ёшлар парламентаризмини ривожлантириш борасидаги тажрибаси халқаро парламент ҳамжамияти эътиборига ҳавола қилинди.
Сенат раиси Танзила Норбоева Самарқандда билдирилган ғоялар ва қабул қилинган тавсиялар амалий натижаларга айланиши керак эканлигини таъкидлаб, шу мақсадда конференциянинг якуний ҳужжати эълон қилингани ва у келгуси ишлар учун йўл харитаси сифатида фойдаланиш учун муҳим эканлигини маълум қилди.














