Ўзбекистон  «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши томонидан соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, аҳоли дуч келаётган тўсиқларни ўрганиш мақсадида ҳудудлар кесимида митинглар ташкил қилиш белгиланган.

Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Бекобод шаҳар “Металлурглар” маданият саройи олдидаги майдонда “Бизга тўлиқ ақлли тиббиёт керак” мавзусида ўтказилди.

Янгича услубда ўтказилган тарғибот тадбирида маданий-кўнгилочар акциялар уюштирилди. Ушбу тадбирни ўтказишдан аввал ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли хабардор этилгани иштирокчилар сонини кескин ошириб юборди. Шу боис тадбирда ёш-у кексалар ҳамда бошқа вилоятлардаги партия аъзолари ҳам иштирок этди.

Тадбир аввалида янграган карнай-сурнай наволари, кўргазмали қўл жанги намойишлари,  партия томонидан  ташкил этилган  акциялар маданият саройи майдонига келган минглаб турли ёш ва миллатга мансуб ватандошларимизда ўзгача таассурот қолдирди. Иштирокчилар партиянинг тарғибот материаллари, шиорларига катта қизиқиш билдирди. Юртдошларимиз партия вакиллари билан мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Айниқса, таниқли санъаткорлар “Адолат” СДП ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш мақсадида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан асраш, ёшларда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш руҳидаги чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

Сайловчилар билан ўзига хос, янгича мулоқот ўтказишга бағишланган тадбирда йиғилганларга Ўзбекистон “Адолат СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров партиянинг амалий ишлари, эришаётган натижалари ҳақида  тўхталиб ўтди.