Афғонистонга экспорт қилинаётган электр энергияси миқдори яна «0» қийматга тушди
Энергетика тизимида амалга оширилаётган Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлиги кўпчиликка маълум. Аммо 40 йилдирки, Афғонистон нотинч мамлакат сифатида тилга олинади. Энергетика борасидаги ҳамкорлик Афғонистон Ислом Республикаси билан қўшничилик алоқаларини яхшилаш, унинг чегарадош ҳудудларига электр энергиясини экспорт қилиш, бу орқали мамлакатимиз иқтисодиётига чет эл валютаси оқимини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ўзимиздаги электр таъминотидаги узилишлар бўлаётган бир пайтда энергия экспортидан не наф, деган фикрлар ҳам айрим истеъмолчиларимиз томонидан билдирилаётгани бугунги кун ҳақиқати. Бу борада энергетика тизими мутахассислари, ҳатто хорижий экспертлар ҳам ўз фикрларини баён этишди. Хулоса аниқ: турли носозликлар туфайли ёки симёғоч ва ускуналарни янгисига алмаштиришда (модернизация дастури) содир бўладиган узилишлар энергия экспортига боғлиқ эмаслиги энди кўпчиликка маълум. Бу борада истеъмолчилар билан бевосита ишлайдиган «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутахассислари жамоатчилик орасида тушунтириш ишлари олиб бормоқда.
Бир муддат муқаддам, 15-16 сентябрь кунлари Афғонистондаги магистрал электр узатиш тармоқлари (бир нечта тармоқ устунлари) жангарилар томонидан портлатилгани ҳақида хабарлар хорижий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида тарқалган эди. 14 сентябрь соат 14:00дан кейин Ўзбекистондан Афғонистонга узатилаётган электр энергия миқдорини қабул қилиш даражасида кескин тушиш ҳолати рўй бериб, бу одатдагидан қарийб 3 марта кам эканлиги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг Ахборот хизмати томонидан маълум қилинди.
24 сентябрь куни соат 17:00 лар атрофида узатиш қувватида қисқа муддатли узилишлар пайдо бўлиб, тахминан 17:40 ларда тармоқда яна юклама пайдо бўлгани, аммо орадан ярим соат вақт ўтгач, мавжуд қувват даражаси меъёрдагидан қарийб 4,5 марта пасайиб кетгани хабар қилинган эди. Бу воқеа-ҳодиса Жамиятнинг экспорт салоҳиятини пасайтириб юбораётганига хавотир билдирган ҳолда юзага келган носозликлар афғон энергетиклари — “Da Afghanistan Breshna Sherkat” (DABS) томонидан тез орада бартараф қилиниб, энергия экспорти белгиланган тартибга мувофиқ давом эттирилишига умид билдирилган эди.
9 октябрь, тунги соат 01:40 да Афғонистон Ислом Республикасига етказиб берилаётган электр энергиясининг миқдори 0 (ноль) даражага тушиб кетди. “Da Afghanistan Breshna Sherkat” мутасаддиларидан олинган маълумотларга қараганда, табиий офат оқибатида Саланг довонидан ўтувчи “Пули-Хумри” ва “Чимтала” подстанцияларини боғловчи 220 кВли ҳаво линиясининг 386-таянч устунига зарар етган. Ўша куни тонгда, соат 09:56 да экспорт фақатгина Мозори Шариф йўналиши бўйича тикланди ва бу умумий экспорт қийматининг 10–13% ни ташкил этди. Хориж матбуотида эса носозликларга жанговар ҳаракатлар сабаб бўлаётгани айтилди. Афғонистонда тўлиқ тафсилотлари аён бўлмаган жанговар ҳаракатлар туфайли носоз ҳолга келган устунлар 3-4 кун ичида таъмирланиши афғонистонлик энергетиклар томонидан ваъда қилинган.
11 октябрь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё электр энергияси Мувофиқлаштирувчи Кенгашининг 32-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Афғонистон Ислом Республикаси кузатувчи мақомида қатнашди. Кенгашда иштирок этган “Da Afghanistan Breshna Sherkat” вакиллари Муҳаммад Салим Салимий ва Муҳаммад Омон Спар магистрал электр ҳаво линияларидаги узилишларга табиий офат (қор ва лой кўчкиси) сабаб бўлганини айтиш билан бирга афғон тупроғида радикал кучлар ўртасида жанговар ҳаракатлар соҳа иш тартибига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам инкор этишмади.
12 октябрь соат 8:55 да Афғонистон Ислом Республикасига экспорт қилинаётган электр энергияси миқдори яна «0» (ноль) қийматга тушди. Бунга қадар етказиб берилаётган электр энергияси қуввати 270 МВтни ташкил қилган эди. “Da Afghanistan Breshna Sherkat” мутахассисларининг берган тезкор маълумотларига кўра, экспорт тўхташига «Пули-Хумри» ва «Чимтала» подстанцияларини боғловчи 220 кВ ҳаво электр узатиш тармоғидаги фавқулодда ўчиш ҳолати сабаб бўлган. Соат 11:37 да носозлик бартараф этилиб, экспорт қиймати тикланди. Аммо бу шартномада кўрсатилган даража тўлиқ тикланди, дегани эмас.
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ маъмурияти Афғонистон ҳукумати зарур чораларни кўриб, мавжуд муаммоларни бартараф этади ва қўшни мамлакат саноати, тиббий муассасалари, алоқа, таълим ва маданиятида, умуман олганда, электр энергия билан чамбарчас боғлиқ барча жабҳаларида барқарорлик давом этишига умид қилмоқда.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024