Kun.uz таҳририятига Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи фуқаро Хуршид Д. Чилонзор туманида жойлашган «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбарларидан шикоят қилиб келди.
Фуқаронинг ҳикоя қилишича, у жорий йилнинг февралида ўз танишлари ҳамроҳлигида мазкур хусусий агентликка борган ва уларни кутиб олган ташкилот ходимига Жанубий Кореяга ишга кетиш нияти борлигини айтган. Фирма вакиллари билан суҳбатлашгач, февраль ойи сўнгида агентлик ва фуқаро ўртасида шартнома тузилган, унга кўра Хуршид Д. банк орқали 27 миллион сўм тўлов қилган. Март ойида KOICA (Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги) иштирокида Тошкент шаҳрида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида бир ҳафталик машғулотларда қатнашади. Шундан сўнг, ташкилот директори унга март ойи охирида Кореяга ишга кетишини айтади. Лекин октябрь ойига келиб ҳам фуқарога на иш топилган ва на унинг маблағи қайтарилган.
Хуршид Д. Ўзбекистонда ўзи сингари ушбу агентлик раҳбарлари ваъдаларига ишониб юрганлар сони мингга яқин эканини билдирди.
Шартномадаги тўловдан ташқари «шапка» ҳам берилган
«Ёшим 33да. Тайинли иш жойим йўқлиги учун ҳайдовчилик қилиб, рўзғор тебратаман. Мазкур агентлик ҳақида телеграм орқали хабар топдим ва 22 февраль куни агентликнинг Чилонзорда жойлашган филиалига икки танишим билан бирга бордик. Бизни у ерда Ўрол исмли ходим кутиб олди. Тахминан 3 соат давом этган суҳбатимиз аввалида «Кореяга давлат орқали ишга кетмоқчи бўлсангиз 2 йилда юборишади. Биз эса 2 ёки 3 ойда жўнатамиз», деди.
Мулоқот давомида 38 ёшгача бўлганлар завод, фабрикаларда, 40 ёшдан ошганлар эса қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаши, оғир қийинчиликлар йўқлиги ва 2-3 минг АҚШ доллари атрофида ойлик маош берилишини айтиб ўтди. Фирма лицензиясини кўргач, фаолияти қонуний эканига ишондик ва хорижда ишлаш истагимиз янада кучайди.
Агентлик билан шартнома тузганимиздан сўнг, Ўрол ака 27 миллион сўм тўлов қилиш кераклигини билдириб, қўлимизга агентлик ҳисоб-рақамини тутқазди. Бунга рози бўлиб, ўзимда маблағ камлиги учун таниш-билишлардан қарз сўрадим ва бир амаллаб 27 миллион сўм пул йиғиб, «Туронбанк»нинг Чилонзор филиалида тўловни амалга оширдим.
Кореяга ишга борганлар албатта, корейс тилини билиши зарурлигидан бохабарлигим учун 2018 йил охирида 3 ойлик курсда ўқиб, сертификат олгандим. Агентлик ходимлари бир ҳафталик тил курсида таҳсил олишим шартмаслиги ва 3 ойда қўлга киритган сертификатим инобатга олинишини айтишди.
Мендан ташқари Кореяга кетиш орзусидаги яна 90 нафарга яқин турли вилоятлардаги эркак ва аёллар Учтепа туманидаги «Наврўз» меҳмонхонасида бир ҳафта яшаб, бу вақт ичида, яъни 25 февралдан 1 мартгача KOICA’даги ўқишга қатнадик. Очиғи, етти кун қандай ўтиб кетганини пайқамадим. Чунки машғулотлар номига, шунчаки ўтиларди. Бир ўқитувчи ноутбуки орқали «Миллион» жамоасининг концертини қўйиб берган ҳолат ҳам бўлди. Ҳаттоки, бизга ўқиганлик ҳақида бир парча қоғоз ҳам беришмади.















