Маълум бўлишича, жамият раҳбарлари Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилган ҳолда юзлаб фуқаронинг 19 миллиард сўмдан ортиқ маблағини ўзлаштирган.

«Жорий йилнинг 10 октябрь куни «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Тергов департаменти томонидан 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, Отақулов, Алиқулов ва Қобулов ҳамда бошқалар бу жамиятни ташкил этган. Жамият вакиллари барча вилоятлар бўйича чет элда ишлаш истагида бўлган фуқароларни чет элда яхши ишлаш шароитини яратиб бериш билан қизиқтирган.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бўлим бошлиғи
Азиз Долиходжаев.

2019 йил январь ойидан жорий йилнинг октябрь ойига қадар 600 нафарга яқин фуқародан 19 миллиард сўмдан зиёд маблағлар жамиятнинг банкдаги ҳисоб-рақамларига кирим қилинган. Улар мижоз билан шартнома тузишган ҳолда, 27 миллиондан 32 миллион сўмгача кирим қилиб келишган. 600га яқин шартномалар имзоланган бўлса-да, бугунги кунга қадар бирор шахс шартнома асосида хорижга жўнатилмаган.

Отақулов ва Қобулов муқаддам 168-моддаси, яъни фирибгарлик жинояти билан судланиб чиққан шахслардир. Мижозларни 4 ой давомида корейс тилини ўқитиш учун ўқув марказларига жўнатишади ва ўқитади. Ўқув маркази ва ўқиш жараёнидаги маблағлар шартнома суммаси ҳисобидан сарфланиши айтилган. Аниқланишича, ҳар бир фуқародан 27 миллиондан 32 миллион сўмгача маблағдан 3 миллион сўми жамият томонидан айнан шу чиқим харажатлари учун сарфланган, қолган 27 миллион сўм маблағ эса даромад сифатида ўз ҳисоб-рақамида қолдирилган. Бугунги кунга қадар 200 миллион сўм маблағ қолган. Ўз навбатида жамиятга кирим қилинган 19 миллиард сўмдан ошиқ сумма қай мақсадларда ишлатилганини аниқлашимиз керак. Шунинг учун, ҳужжатли-тафтиш тайинланган ва у давом этмоқда.