Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибига спортчиларни саралаб олиш тизимини ривожлантирилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қарори лойиҳасида айтилади.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг:
ҳудудлардаги мавжуд таълим муассасаларини хатловдан ўтказиб, спорт захирасини шакллантириш, саралаш (селекция) ва катта спортга иқтидорли спортчиларни танлаб олиш тизимини йўлга бўйича туман (шаҳар)ларни спорт турларига ихтисослаштиришни ташкил этиш;
ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, ҳар бир туман (шаҳар)ни ҳамда олий таълим муассасаларини маълум бир спорт турларига ихтисослаштириш ва спорт инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, иқтидорли спортчиларни Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибига саралаш (селекция) қилиш;
спорт турларига ихтисослаштирилган туман (шаҳар)ларнинг таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “мактаб лигаси” ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “талаба лигаси” мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича таклифлари маъқулланиши мумкин.
Қуйидагилар спорт турларига ихтисослаштирилган туман (шаҳар) таълим муассасалари ҳамда олий таълим муассасаларининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
спорт турлари бўйича юқори иқтидорга эга бўлган ёш спортчиларни саралаб олиш (селекция) тизимини йўлга қўйиш, уларни ўқитиш, тарбиялаш ва индивидуал хусусиятларини ривожлантириш, спорт соҳасидаги қобилиятини янада ошириш;
болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабларини ривожлантириш учун ишончли спорт захирасини шакллантириш, иқтидорли болаларни спортга жалб этиш ва уларнинг салоҳиятини доимий равишда ошириб бориш;
профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимини ташкил этиш, ривожланган мамлакатлар билан халқаро даражада рақобатлаша оладиган даражага етказиш, турли ёш тоифасидаги республика терма жамоаларга ва спорт турлари бўйича терма жамоаларига профессионал спортчиларни тайёрлаш;
спорт соҳасида ривожланган халқаро мамлакатларда ўтказиладиган мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиш орқали спорт турлари бўйича миллий терма жамоаси аъзоларининг савиясини ошириб бориш.














