Хитойга анор экспортига йўл очилди
Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кецяннинг 1-2 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида икки давлат ўртасида мева экспорт-импортини амалга ошириш билан боғлиқ 2 та муҳим келишув ҳужжати имзоланди. Бу ҳақда “Ўздавкарантин” инспекцияси ахборот хизмати хабар берди.
Имзоланган биринчи келишув натижасида, меваларни автотранспортларда учинчи мамлакат ҳудудидан транзит орқали Хитойга экспорт қилиш имконияти яратилди ва буни амалга ошириш бўйича талаблар белгиланди.
Талабларни бажариш орқали эндиликда тадбиркорлар янги узилган (Хитойга экспорт қилинишига рухсат этилган) меваларни Қозоғистон орқали Харгос ва Алашанкоу ҳамда Қирғизистон орқали Иркештам ва Тургарт чегара ўтказиш пунктларидан Хитойга автотранспортларда олиб ўтишлари мумкин бўлади.
Келишувда шунингдек, экспорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича асосий талаблар сифатида қуйидагилар санаб ўтилган:
- мевалар хавфли зараркунанда касаллик ва бегона ўтлардан холи бўлиши;
- маҳсулотлар ўсимликлар карантини инспектори назорати остида автотранспортга юкланиши, муҳрланиши ҳамда тегишли маълумотлар фитосанитар сертификатда акс эттирилиши лозимлиги;
- маҳсулотлар транзит орқали олиб ўтилаётганда автотранспорт бирлигининг муҳри бузилмаганлиги, маҳсулотлар қадоғи ўзгартирилмаганлиги, унга зарар етказилмаганлиги ва ҳ.к.
Шу билан бирга, хитойлик юқори мартабали меҳмон ташрифи давомида анор мевасини Хитойга экспорт қилиш бўйича ҳам келишув имзоланди.
Мазкур келишувда анорни экспорт қилувчиларга нисбатан қуйидаги асосий талаблар белгиланган:
- мева етиштириладиган боғлар, қадоқлаш цехлари, совутгичда сақлаш шароитлари Хитой ва Ўзбекистон карантин хизматларининг биргаликдаги рўйхатидан ўтказилиши ва экспортга юклашдан олдин фитосанитар назоратдан ўтказилиши;
- мева зарарли организмлардан (кароб куяси, олма мевахўри, анор мевахўри, ток баргўровчиси, комсток қурти) холи ҳудудларда етиштирилган бўлиши;
- мева етиштириладиган боғлар ва қадоқлаш цехлари Халқаро сертификациялар (GAP) тизимини қўллашлари (тавсия этилади);
- мева етиштириладиган боғлар Ўзбекистоннинг ўсимликлар карантини инспекторининг доимий назоратида бўлиши, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва ташиш инспектор назорати остида амалга оширилиши;
- қадоқлаш жараёнида анор ҳар қандай зарарли организмлардан, жумладан, ҳашарот ва каналардан холи ҳамда чириган ва шакли бузилган мевалар, барглар, илдизлар, тупроқлар, ўсимлик қолдиқларидан тозаланган бўлиши;
- қадоқлар тоза, аввал ишлатилмаган бўлиши, алоҳида сақланиши, ҳар бир қути мева номи, экспорт қилаётган мамлакат, маҳсулот етиштирилган ҳудуд, боғ, қадоқлаш цехи номи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда маркировкаланган бўлиши лозим.
“Ўздавкарантин”нинг эслатиб ўтишича, белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда, юкланиб экспортга йўналтирилган маҳсулотлар чегара пунктларидан қайтарилишига сабаб бўлиши мумкин.
Талабларга жавоб берувчи тадбиркорлар, боғ, қадоқлаш цехлари ва совутиш омборлари эгалари рўйхатдан ўтиш (реестрга киритиш) учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига +998 71 255-28-51, +998 71 255-73-23 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари сўралади.
Маълумот ўрнида: ҳозирги кунга қадар, Хитойга 12 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортига рухсат олишга эришилган бўлиб, ҳозирда қўшимча равишда 15 та маҳсулотлар экспортига рухсат олиш бўйича музокаралар давом этмоқда.
Экспортга рухсат этилган маҳсулотлар: гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, қобиқсиз грек ёнғоғи, ширин ва аччиқ бодом, узум данаклари, кунжут, шунингдек қуритилган маҳсулотларлардан: майиз, ўрик қоқиси.
Рухсат олиниши кутилмоқда: узум, лимон, хурмо, олма, анжир, олхўри, шафтоли, тарвуз, пиёз, ловия, ерёнғоқ, шунингдек, қуритилган маҳсулотлардан: аччиқ қалампир, олхўри, қовун.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
12:50 / 04.11.2024