“Made in China” — энг сифатсиз маҳсулотлардан дунё саноати гигантлигигача бўлган йўл. Шарқий Туркистон уйғурлари ва Ўзбекистоннинг хитой мусулмонлари ҳаёти. Шанхайдаги “никоҳ бозори” ёки ота-онагача ижара хизматлари. SUBYEKTIV биздан атиги 126 км узоқликда бошланувчи Чин мамлакати ҳақида ҳикоя қилади. Бу Хитойнинг Аватар тоғларига саёҳат ёки Буюк девор тарихи ҳақидаги кўрсатув эмас. Бу сафар бизга энг яқиндаги энг ривожланган давлатни субъективча кашф қиламиз.
Хитойни мақташ ҳам, қоралаш ҳам нотўғри. Чунки у бир вақтнинг ўзида ҳам мўъжиза, ҳам огоҳлантириш. Ундан ўрганадиган жиҳатларимиз, шу билан бирга чиқарадиган сабоқларимиз кўп. Биз далилларни санаймиз – хулоса эса ўзингиздан!
“Арзон цех”дан “дунё фабрикаси”гача
Эсингиздами, болалигимиздаги хитойча маҳсулотлар энг кулгили, энг арзон ва энг сифатсиз бўларди. Чунки 80-90-йилларда Хитой ростдан ҳам “арзон цех” мамлакати эди-да. У пайтлар глобал дунё бозорини АҚШ, Япония ва Европа бошқарарди. Катта брендлар, банклар, технологиялар — ҳаммаси Ғарб қўлида эди. Хитойда эса арзон ишчи кучи, интизомли ва катта сонли аҳоли бор эди холос. Шундай пайтда дунё компаниялари маҳсулотларини сув текинга ишлаб чиқариш учун бу давлатга кира бошлади.

Хитой ҳам ўзининг арзон-гаров ролида тўхтаб қолмади. У ташқаридан заводларни ўз ҳудудига чақирди, кейин улардан технологияни, логистикани, экспортни ўрганди. Портни темирйўлга, темирйўлни бозорга, бозорни бутун дунёга улашга киришди ва дунё тажрибасини боплаб ўзлаштирди. Ҳаммаси назорат остида эди. Давлат йўналиш берди, бизнес тезлик берди, миллионлаб ишчилар эса бу тизимни ҳаракатга келтирди.
Хуллас, аждарҳо уйғонди! 80-йиллардаги “арзон цех” қисқа ўн йилликларда “дунё фабрикаси”га айланди. Қашшоқлари энг кўп мамлакат жуда тезлик билан 800 млн аҳолини камбағалликдан чиқариб, ҳаттоки дунёнинг энг кўп миллиардерлари яшайдиган давлат даражасигача етиб келди. Бу билан ҳам тўхтаб қолиш йўқ. Режага кўра, Хитой 2049 йилгача дунёнинг биринчи давлати бўлмоқчи.

Бугун Чин мамлакати Ер юзидаги электр энергиянинг учдан бир қисмини, ҳар ўнта электромобилдан еттитасини, бешта кондиционердан тўрттасини, ўн ўйинчоқдан еттитасини ишлаб чиқаради. Қуёш панели тайёрлаш занжирининг ҳар 5 босқичидан 4 таси, кийим-кечак экспортида ҳар уч доллардан бир доллари, ноутбуклар, смартфонлар, маиший техникаларнинг 80 фоизи Хитой улушига тўғри келади. Бутун дунёдаги пўлат, алюминий, цементнинг ярмини ишлаб чиқарадиган бу давлат глобал қурилиш ва техникалар нархига қанчалик таъсир қила олишини тасаввур қилаверинг. Бундай йирик рақамларни яна юзлаб санаш мумкин. Қизиқарли бўлиши учун сўрайман: шу ўтирган ҳолатингизда Хитойга алоқадор нечта маҳсулот ёнингизда турибди? Изоҳда ёзиб кетсангиз, мавзуни тўлдирган бўласиз. Олдиндан раҳмат!









