АҚШ ва Эрон ўртасидаги вақтинча сулҳ бузилганидан буён қаторасига саккизинчи кун томонлар ўртасида зарбалар алмашинуви давом этди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (Centcom) маълум қилишича, навбатдаги авиазарбалар президент Доналд Трампнинг топшириғи бўйича Шарқий соҳил вақти билан шанба куни 18:00 да (Гринвич бўйича 22:00) бошланган.

«Зарбалар Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги тижорат кемачилигига таҳдид солиш қобилиятини янада заифлаштиришга ва ўтган тунда Иорданияда америкалик ҳарбийларга ҳужум қилган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини жазолашга қаратилган», – дейилади шанба кунги баёнотда.

Қарийб олти соат ўтиб, қўмондонлик яна шундай баёнот берди:

«АҚШ ҳужумларининг кетма-кет саккизинчи кечаси давомида Centcom кучлари Эроннинг соҳил разведкаси ва ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбий объектлари, денгиз объектлари, шунингдек, ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари омборларига муваффақиятли зарба бериб, Эроннинг ҳарбий салоҳиятини заифлаштиришда давом этди. 17 июл куни Иорданияда америкалик ҳарбийларга ҳужум қилган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кучларига ҳам зарба берилди».

Эрондаги Mehr агентлиги хабарига кўра, АҚШ мамлакат жанубидаги Сирик шаҳри атрофига зарба берган, қурбонлар ёки инфратузилма объектларида шикастланишлар қайд этилмаган. Tasnim агентлиги маълум қилишича, Америка ҳарбийлари Ироқ билан чегара яқинидаги Шодигон шаҳри яқинидаги объект бўйлаб ҳам зарба берган.

Mehr хабарига кўра, Эрон атом энергияси ташкилоти АҚШнинг Дархованда қурилаётган атом электр станциясига йўллаган зарбасини қоралаган, хабарда бу ҳужум айнан қачон рўй берганига аниқлик киритилмаган.

Сўнгги зарбаларга жавобан Эрон ҳарбийлари яна Американинг Кувайтдаги ҳарбий объектлари ва техникаларига – Ал-Адири лагери ҳамда  Али Ал-Салом авиабазасига зарба берди, деб хабар қилган Эрон давлат телевидениеси якшанба куни армия баёнотига таяниб.

Кувайтга шанба куни берилган зарба оқибатлари

Шанба куни Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Али Ал-Салом базасидаги радиолокацион станция йўқ қилингани, шунингдек, Кувайтдаги америкалик ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш марказига ҳужум қилинганини маълум қилганди. Кувайт нефт корпорацияси ўз объектларидан бирига «Эроннинг кетма-кет зарбалари»дан кейин жиддий шикаст етгани ҳақида хабар қилган.

Баҳрайн ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳам якшанба куни Эрон ҳужумини қайтарди, деб хабар беради давлат телевидениеси. Қурбонлар ёки вайронгарчиликлар ҳақида хабарлар келиб тушмаган. Эрон Кувайт ва Баҳрайн бўйлаб янги зарбалар ҳақида маълумот бермаган.