«Alter Ego» дастури муаллифи Кирилл Альтман Ўзбекистондаги онлайн медиа вакиллари билан суҳбатлашди.
Дастурда соҳа ходимлари мамлакатдаги журналистика ва сўз эркинлигининг бугунги ҳолати борасидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.
Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва журналистиканинг янги даври: онлайн ОАВ вакиллари қандай фикрда?Жумладан, Daryo.uz муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаевнинг сўзларига кўра, мамлакатда матбуот ва блогерларнинг таъсири билан ўз ечимини топаётган муаммоларнинг аксарияти – маиший масалалардир. Айрим мавзуларда эса расмийлар шунчаки сукут сақлашни афзал билмоқда.
– Давлатнинг қайсидир органлари, қайсидир амалдорлар ОАВда чиқаётган, Telegram`да ёзилаётган нарсаларга эътибор беряпти. Ёки қўрқишяпти. Дейлик, Президент Администрациясидагиларга, Кабминдагиларга етиб бормаслиги учун муаммони ҳал этишга ҳаракат қилишяпти. Лекин ҳал қилинаётган муаммоларнинг ҳам, кўтарилаётган муаммоларнинг ҳам кўпи – маиший нарсалар.
«Снос»лар бўйича ҳокимлар чиқиб узр сўради. Узр сўрашгача олиб борилди-ю, лекин жуда ҳам тўртинчи ҳокимият бўлиб кетдик, деб ўйламайман. Сўз эркинлиги энг юқори даражасига чиқди, деган фикрда эмасман. Чунки шунақа ҳолатлар борки, қайта-қайта ёзасиз, ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлади, лекин барибир ҳеч нарса ўзгармайди. У нарсани шунчаки «игнор» қилишади, бўлди. Ундан ўтиб кетилади ва эсдан чиқарилади.
«Ёзаверасиз-ёзаверасиз, фойдаси бўлмаяпти-ку? Ўзгармаяпти-ку?» дейди журналистлар. Ҳеч қанақа сигнал йўқ. Feedback йўқ. Нима қиламан ёзиб, дейди. Кейин бошқа мавзуга ўтиб кетади. Бу ерда журналистиканинг ҳам муаммоси бор, лекин бу муаммони сабаби – ижро ёки суд ҳокимиятининг бепарволигидан. Шунчаки «игнор» қилишидан. Ҳеч қанақа жавоб олиб бўлмаганидан кейин, нима қиламан ёзиб, дейди-да.
Мисолларни кўп келтириш мумкин. Масалан, тўртинчи ҳокимият бўлиб, биз 722 Range Rover`ларнинг рақамини ким ечиб олди, нега ечиб олди, била олганимиз йўқ. На шаҳар, на республика «ГАИ»си ҳеч қанақа изоҳ бергани йўқ. Улар қўрқишмади ҳам-да. Шу ишни қилганлар ҳам қўрқмаган.
Ҳеч қанақа изоҳ олиб бўлмади. Range Rover`ларнинг рақами ечиб олинган куни биз эрталабдан кечгача шаҳар ИИББга ҳам, «ГАИ»га ҳам, республика «ГАИ»га ҳам чиқдик. Республика «ГАИ»: «Биз билмаймиз», деди. Шаҳар ИИББ: «Биз изоҳ берамиз, фақат кейинроқ, кейинроқ, кейинроқ...» Ҳеч қанақа изоҳ беришмади.


















