Катта Лангар Қуръони Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида узоқ вақт сақлангани боис шундай ном олган бўлиб, Ислом оламидаги энг қадим тарихга эга Мусҳаф қўлёзмаларидан бири саналади.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси шафеълигида мазкур қўлёзма саҳифаларини реставрация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнга Франциянинг Лувр музейи реставратор мутахассислари жалб қилинган.

6-12 ноябрь кунлари тиклаш ишларининг биринчи босқичи якунланди. Кейинги йилнинг февраль ойидан реставрация давом эттирилади, сентябрь ойидаги учинчи босқич ишларидан сўнг жараён якунланади.
«Ҳозиргача 5та саҳифа муваффақиятли тарзда тўлиқ реставрация қилинди, улар ҳозир босмада сақланмоқда», ─ дейди лойиҳа куратори.

Реставрация жараёнини олиб бораётган мутахассислар Kun.uz билан суҳбатда қўлёзманинг ҳолати ҳақида гапириб берди.


«Катта Лангар Қуръонининг [Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида сақланаётган қисми] 12та бирлаштирилган саҳифа ва битта алоҳида ─ жами 13та саҳифадан иборат. Саҳифалар XIX асрда муқоваланган. Қуръоннинг ўзи эса VIII асрда битилган деб ҳисобланади.






















