
Ислом оламининг муқаддас китоби Қуръони Каримнинг энг қадимги қўлёзмаларидан бири – Катта Лангар Қуръонини реставрация қилиш ишлари ниҳоясига етди.
Реставрация ишлари 2019 йилда бошланган эди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳамкорлигидаги лойиҳа учун Франциянинг Лувр музейи мутахассислари жалб этилган.
Жамғарма бошқарув раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева қадимий мусҳаф эндиликда яна кўп асрлар бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб қолишини таъкидлади.
«Катта Лангар Қуръони саҳифалари яна кўп асрлар нафақат биз – ўзбекистонликлар, балки бутун дунё мусулмонлари, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз», – дея ёзиб қолдирди Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Маълумот учун, Катта Лангар Қуръони Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида узоқ вақт сақлангани боис шундай ном олган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг 17 та саҳифаси мавжуд. Мусҳаф VIII асрда битилган деб ҳисобланади, унинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли.
Арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган қўлёзма ошланган бузоқ териси – пергаментга муҳрланган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми – 53х35 см.

Реставрация ишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг реставрация лабораториясида олиб борилди. Жараёнда Лувр музейи реставраторлари Аксел Дело ва Ауреля Стрери, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг мудири Камолиддин Маҳкамов ва кутубхонанинг етакчи мутахассиси, реставратор Саидраҳмат Икромов, Ўзбекистон миллий кутубхонаси консервация ва реставрация бўлими бош мутахассиси Шуҳратиллоҳ Пўлатов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг Маданий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Бобур Мирзо Саёмов иштирок этди.




















