Жамият | 17:04 / 12.11.2019
18874
3 дақиқада ўқилади

Олтиариқда уйсиз қолган оила яхшилар кўмагига мухтож

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида Негматовлар оиласи бор. Бу оила ўтган давр мобайнида не кунларни кўрмади дейсиз. Оила ижара уйларда бир неча йил яшаганидан сўнг, туман марказидаги қабристон ёнида уй солишган, ўша ерда яшашарди. Эҳтиёжманд оила уйни кадастр қилиш каби ҳужжатлаштириш ишларига пулни қаердан олсин дейсиз. Бевосита гувоҳ бўлдикки, оила боши Содиқжон ака базўр рўзғор тебратмоқда.

Қабристонни тозалаш, у ерга зиёрат мақсадида келганларга кўмаклашиш ишлари билан банд. Турмуш ўртоғи Гулхумор опа ногиронлиги сабаб ишсиз, камига тўшакка михланган ҳолда ётади. Оиланинг яккаю ягона фарзанди бор, унинг ҳам ногирон. Содиқжон аканинг тўнғич фарзанди Садриддин улғайиб, рўзғорга қарашай, уч-тўрт сўм орттириб уй-жой қилай деган ниятлар билан Россия Федерациясига ишлагани кетган эди. У ердан тузалмас дард – саратон орттириб қайтди ва уни сақлаб қолишга ҳарчанд уринишмасин, вафот этди.

Шу йилнинг январь ойида тумандаги ободонлаштириш ишлари асносида қабристон ва унинг атрофидаги қурилмалар қатори Содиқжон аканинг уй ҳам бузиб ташланган.

«Уйни бузишаётганда уйнинг ичида ётгандим. Ногирон бўлганим сабаб қимирлай олмасдим. Уйсиз қолгач, бизни «Нуроний» жамғармасига қарашли масканга олиб келиб жойлаб қўйишди», деди Гулхумор опа.

«Болам қийналди. Қўлимиз калталик қилиб, унга ёрдам бера олмадик. Яхшилаб даволатганимизда балки, яшаб кетган бўлармиди, билмадим. Ҳокимлик ҳам моддий ёрдам қилиб турди. Лекин у ҳеч нарсага ярамади. Болам қўлларимда, ёнимда омонатини топширди. Болам чимилдиқ кўрмай, дунёда деярли ҳеч нарса кўрмай ўтди», дея ўкинди меҳрибон она.

Содиқжон акага кўра, бу ердан уларга бир хона жой ажратишган. Зуҳриддин исмли ўғиллари билан бирга уч бир жон шу ерда яшаб келишмоқда. Дам олиш кунлари бу ерга тумандаги кекса ёшдаги фуқаролар келиб ҳордиқ чиқаришади. Уларнинг айримлари бу ерда спиртли ичимликларни ҳам истеъмол қилишар экан.

Изоҳ олиш мақсадида туман ҳокимлигига борганимизда, туман ҳокими Холмирза Ниёзов бу масала билан шахсан шуғулланиши ва янги уй олиш масаласида ҳокимлик ҳам ёрдамини аямаслигини билдирди. «Нуроний» жамғармаси вакили эса у ердаги тартибни ўзи назоратга олишга ваъда берди.

Содиқжон ака ўша вақтда бир ойлик жамоат ишларига жалб қилинган. Лекин ҳозир бизга маълум қилишича, ўзи ҳам, вояга етган ногиронлиги бўлган фарзанди ҳам ишсиз. Гулхумор опа эса бир жойда ётади ва даволанишга муҳтож. Оила жуда мушкул аҳволда.

Содиқжон аканинг оиласи жуда қийин аҳволда. Улар яхши инсонлар кўмагига муҳтож. Олдинда қиличини ялонғочлаб қиш кириб келмоқда. Азизлар, биз кўпчиликмиз. Қийин кунларни бошидан ўтказаётган оилага ёрдам қўлимизни чўзайлик. Қилган яхшиликларимиз охират кунида ўзимизга соябон бўлади, албатта.

Агробанк: 8600 0417 7921 6036 (Негматов Содиқжон)

Зафарбек Солижонов
Kun.uz муҳбири

Мавзуга оид