Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вице-президенти Шисинь Ченга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда корпоратив облигациялар ва қимматли қоғозлар бозори саёз. У бу ҳақда 15 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётида капитал бозорларининг ўрни» мавзусидаги халқаро конференциядаги маърузасида тўхталиб ўтган.
Маълум қилинишича, 2019 йил июль ҳолатига кўра Ўзбекистонда атиги 9та корпоратив облигациялар муомалага чиқарилган бўлиб, уларнинг аксарияти рўйхатга олинмаган. Фақат Тошкент шаҳридаги Республика фонд биржасида 136та компания рўйхатдан ўтказилган, уларнинг умумий капиталлашуви бозор капиталлашувининг 10 фоизидан камроғини ташкил этади.
«Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги капитал бозори молия секторида ва ресурсларни жалб қилишда муҳим рол ўйнамайди. Қимматли қоғозлар бозори ривожланмаган. Давлат каби йирик эмитентлардан халқаро бозорларда капитални жалб қилиш талаб этилади. Давлат қарзи умумий миқдорининг учдан икки қисми хорижий валютада ифодаланади, бу эса заифлик манбаи ҳисобланади», дея Шисинь Ченнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.
ОТБ вице-президенти Ўзбекистон ҳукумати томонидан жорий йил бошида 1 миллиард долларлик евробонд дебюти муваффақиятли амалга оширилганини олқишлаган. Унинг таъкидлашича, бу инвесторларнинг мамлакатнинг иқтисодий асослари ва ислоҳотлар дастурига бўлган ишончи юксалаётганини акс эттиради ва Ўзбекистон иқтисодиётини молиялаштириш учун маҳаллий бозорларни ривожлантириш имкониятлари ортиб бораётганини кўрсатади.
Шунга қарамай ҳали Ўзбекистон фонд бозорида бартараф этилиши керак бўлган муаммолар, ҳал қилинадиган ишлар кўп. Хорижлик эксперт уларнинг айримларини санаб ўтган.
«Қимматли қоғозлар бозори қимматли қоғозларни етказиб беришнинг чекланганлиги ва савдо ҳажмларининг пастлиги сабабли юқори ликвид ҳисобланади. Маҳаллий молиявий воситаларга талаб суст ва ҳатто кичик эмиссияларини ҳам ўзлаштира олмайди. Корпоратив облигациялар ва қимматли қоғозлар асосан давлат корхоналари томонидан чиқарилган ва уларга тегишли. Хусусий секторга реал иқтисодиётга сармоя ётқизиш воситаси сифатида капитал бозорининг мақсади чекланган», дейди Осиё тараққиёт банки вице-президенти.
Шисинь Ченга кўра, аввало, капитал бозори ҳукуматга бозорни эркинлаштириш ислоҳотларида ёрдам бериши мумкин. Хусусийлаштиришни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий тузилмани диверсификация қилишда иқтисодий жиҳатдан самарали усул мавжуд. Иккинчидан, капитал бозори узоқ муддатли инфратузилмани ривожлантириш учун барқарор молиялаштиришни таъминлайди ва шу тариқа барқарор узоқ муддатли ўсиш учун восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Учинчидан, асосан молия секторидаги банк тизимидан хилма-хиллик молиявий хатарларни бошқариш ва иқтисодий зарбаларнинг таъсирини камайтиришга ёрдам беради. Яхши ишлайдиган капитал бозори ресурсларни самарали тақсимлаши ва хавфларни тақсимлаш механизмларини таклиф қилиши керак.







