Ўзбекистон | 01:15 / 16.11.2019
27765
3 дақиқада ўқилади

Талаб бор, иш кўп, яхши ходимларни ишга қабул қилишга доим тайёрмиз — Kun.uz раҳбарлари интервьюси

Kun.uz бош муҳаррири Умид Шермуҳамедов ва сайт директори Махсуд Асқаров «Қўшни маҳалла» Telegram-канали блогери билан суҳбатда бўлди.

Суҳбат давомида сайт раҳбарлари лойиҳанинг ўтмиши ва бугуни, жамоадаги муҳит ва кадрлар сиёсати, рақобатчиларга муносабат, босимлар ва мурожаатлар, сўз эркинлиги ва танқид, мақтов ва ҳақорат, дизайн ва логотип, давлат даражасидаги йирик тадбирларни ёритиш ва бошқа қатор масалаларда ўз фикрларини билдиришди.

«Kun.uz'нинг асосий принциплари? Бу — биринчи навбатда ўз виждонимизга хиёнат қилмаслик, кўнглимиз тортмаган ишни қилмаслик. Бизнинг соҳа шундайки, баъзида инсон ўзига ёқмаган нарсаларни ҳам қилишига тўғри келиб қолиши мумкин. Шунақа пайтда йўқ дея олиш керак. Ёқмаяптими, виждонинг қабул қилмаяптими — шу ишни қилма. Ёрдам бера олмасанг, зарар ҳам қилма», — дейди сайт бош муҳаррири Умид Шермуҳамедов.

Лойиҳа раҳбари жамоага профессионал журналистларни ишга қабул қилишга тайёрлигини айтиб, журналист моддий томондан ўзига тўқ яшаши керак, деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтди.

«Биз яхши ходимларни ишга қабул қилишга доим тайёрмиз.  Талаб бор, иш кўп. Ўз ишининг устаси бўлса, 40 нафар журналистни ҳам ишга оламиз.

Ойликлар сир сақланмайди, ўртача — 6 миллион сўм. Энг юқориси 8-10 миллион. Лекин бу ҳам энг юқори нуқта эмас. Мен бир неча йил олдин журналистларга: «Сизларнинг ойликларингиз камида минг доллар бўлиши керак», деб айтиб турардим. Шу даражага етдик ҳам.

Энди ниятим — уларнинг ойлигини 2 минг долларгача олиб чиқиш. Чунки журналист ўзига тўқ бўлса, бошқа иш қидирмай, хотиржам ишласа, ишида унумдорлик ҳам, сифат ҳам бўлади.

Журналист яхши ойлик олиши керак, деб ҳисоблайман. Бировнинг чўнтагига қараб, кимни мақтасам экан, бу одамни менга фойдаси тегади, бу эса мени қўллаб юбориши мумкин... Журналист бунақа фикрда бўлмаслиги керак. У яхши ойлик олиши, машина миниши, Тошкентда пропискаси ва ҳеч бўлмаса 2 хонали уйи бўлиши керак», — дейди Умид Шермуҳамедов.

Маълумот учун, Kun.uz 2012 йилнинг январидан фаолият бошлаган, 2014 йилда ҳозирги муассислар тасарруфига ўтган. Сайтга кунига ўртача 400 минг атрофида фойдаланувчи ташриф буюради. Лойиҳанинг барча оммабоп ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари алоҳида расмий мақомга эга.

Мавзуга оид